Хизмат вазифасини бажараётган шахсни ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка асос бўлади
Ж.Р. 2020 йил 18 март куни ўзи яшаб келаётган уйнинг унга расмийлаштирилмаётганлиги ҳолатидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига мурожаат қилган ва ушбу мурожаат юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Самарқанд вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлими ходими И.А.га юклатилган.
Адлия ходими эса ўзининг хизмат вазифасига юклатилган ушбу мурожаатнинг қонуний ечимини ҳал этиш мақсадида 2020 йил 26 март куни соат 11:30 ларда Ж.Р.га қўнғироқ қилиб, хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни амалга оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатлардан нусха беришини сўраганида Ж.Р. ножуя сўзлар билан адлия ходимининг шаъни ва шахсиятини беодоблик билан, қасддан таҳқирлаган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Ж.Р. ўз айбига тўлиқ иқрорлигини, жаҳл устида ҳақорат қилганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, унга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради. Жабрланувчи И.А. унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 19 июндаги ҳукми билан Ж.Р.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 9 (тўққиз) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бегзод ЖУМАБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.
Зарифа АҲМЕДОВА,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.