Ходимларини энг кўп мажбурий меҳнатга жалб этадиган соҳалар аниқланди
- 19.08.2021 10:17
- 317
- Жамият
18 август куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳали-ҳамон кузатилаётгани танқид қилинди.
Мисол учун, шу йилнинг ўтган вақти давомида меҳнат инспекцияси томонидан жойларда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш бўйича 41 ҳолат аниқланган.
Соҳалар кесимида айтганда, мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксарияти халқ таълими, банк-молия, тиббиёт, транспорт ва ободонлаштириш тармоқларида учрамоқда.
Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муносабатларини тўғри расмийлаштириш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилинди.