Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эронда диний етакчи отиб ўлдирилди. Россия Марказий банки асосий ставкаси тарихий максимал қийматда
🔹 Бугун Казерун шаҳрида жума намозидан кейин номаълум шахс диний етакчи Муҳаммад Сабоҳийни отиб ўлдирди. Шундан сўнг ҳужумчи ўз жонига қасд қилган. Сабоҳий касалхонага ётқизилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
🔹 Курдларнинг ҳарбий-сиёсий ташкилоти 23 октябрь куни Анқарада содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
🔹 Россия Марказий банки асосий ставкани 21 фоизга оширди. Бу мамлакат тарихидаги максимал қиймат. Мамлакатда инфляцияни секинлаштириш учун асосий ставка мунтазам оширилмоқда. Бу Россия Федерацияси ҳаётининг кўплаб жабҳалари: кредитлар, умуман, иқтисодий ўсишни секинлаштиришга таъсир қилади. Таққослаш учун: Полшада асосий ставка 5-6 фоиз даражасида.
🔹 Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш ва Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишда ёрдам сўраб Россия, Жазоир ва Хитойга мурожаат қилган.
🔹 Илон Маск 2022 йил охиридан бери Путин билан мунтазам мулоқот қилиб келади, улар “шахсий мавзулар, бизнес ва геосиёсий тарангликларни” муҳокама қилади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзади. АҚШ ҳукумати бундан хабардор, аммо музокараларни сир тутмоқда.
🔹 Грузия президенти Саломе Зурабишвили 26 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси ғалаба қозонса, у қамоққа тушиши мумкинлигини тан олди.
🔹 Халқаро жиноий суди Мўғулистон Россия президенти Владимир Путинни ўз ҳудудида ҳибсга олишдан бош тортгани учун Рим статутини бузган деб топди. Улан-Батор суд билан ҳамкорлик бўйича ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган. Энди иш Рим статутига аъзо давлатлар Ассамблеяси томонидан кўриб чиқилади.
🔹 Шимолий Корея қўшинларининг биринчи бўлинмалари шу ҳафта охирида Украинада жанговар ҳаракатларга киришиши мумкин, деди Украина президенти Владимир Зеленский. “Разведка маълумотларига кўра, 27-28 октябрь кунлари Шимолий Кореянинг биринчи ҳарбийлари Россия томонидан жанговар зоналарда қўлланилади, дейди Зеленский ижтимоий тармоқларда.
🔹 Оятуллоҳ Хоманаий Эрон ҳарбийларига қасос кутилаётган бир шароитда Исроил билан урушга тайёргарлик кўришни буюрди. Оятуллоҳ ҳарбийларга Исроил ҳужуми юз берган тақдирда бир нечта фавқулодда вазиятлар режасини ишлаб чиқишни буюрган. Агар Исроил зарбаси жуда жиддий бўлмаса, Эрон бунга эътибор бермайди, бироқ, агар нефть ёки ядровий иншоотларга ҳужум қилинса, жавоб – Исроилга 1000 тагача баллистик ракета бўлади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.