Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Исроил армияси раҳбари истеъфога чиқади. Трамп янги мунозаралардан бош тортди
🔹 Исроил Мудофаа кучлари Бош штаб бошлиғи Герзи Ҳалеви ҳамда мамлакат разведка хизмати бўлинмаси раҳбари бир вақтда - декабрда истеъфога чиқишни режалаштирмоқда. Бу вақтга келиб, 2023 йил 7 октабрда ҲАМАС жангариларининг ҳужумига сабаб бўлган ҳарбий раҳбарият томонидан йўл қўйилган хатолар юзасидан тергов якунланади.
🔹 Германия социал-демократик партияси амалдаги канцлерни келаси йилги миллий сайловлар учун номзодлар рўйхатидан олиб ташлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бунинг сабаби қилиб Щольцнинг ўта паст рейтинги келтирилган.
🔹 Хитойда 1950 йиллардан бери илк бор, 2025 дан бошлаб пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш бошланади. Эркаклар учун у ҳозирги 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун 50 ёшдан 55 ёшга, идораларда ишловчи аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшгача оширилади. Пенсия ёшини ошириш жараёни 15 йил давом этади.
🔹 Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп ўзининг демократ рақиби, вице-президент Камала Харрис билан янги мунозаралар раундини ўтказишдан бош тортди. "Боксчи жангда ютқазса, унинг оғзидан чиқадиган биринчи сўз: "Мен яна жанг қилишни хоҳлайман". Камала Харриснинг кейинги баҳс талаби ўтган баҳсда ғалаба қозонганимдан далолат", деди Трамп.
🔹 Дмитрий Кулеба Украина ташқи ишлар вазири лавозимидан четлаштирилди, Politico нашрининг ёзишича, бу президент девони раҳбари Андрей Ермак билан кескин муносабатлари билан боғлиқ.
🔹 Шимолий Корея биринчи марта мамлакат ядровий дастурига алоқадор уранни бойитиш заводи суратларини намойиш қилди. Унда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин заводни кўздан кечираётгани акс эттирилган. Унинг ядровий қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ваъда бериши уранни бойитиш дастури кўламини яширишни истамаслигидан далолат.
🔹 Россияда организмнинг иммунитет ҳимоясини четлаб ўтиш қобилиятига эга бўлган коронавирус вариантлари сони кескин ошгани айтилмоқда.
🔹 Қозоғистоннинг Олма-Ота вилоятидаги Каскелен шаҳрида йўловчисиз автобус кўприкдан чиқиб кетиб, микроавтобуснинг устига қулаб тушди. Ҳайдовчи оғир, жароҳатланганлар бор.
🔹 АҚШнинг Жоржия штатидаги Фултон округи Олий суди Оқ уйнинг собиқ раҳбари Доналд Трампга нисбатан 2020 йилги сайловларга аралашганликда айбланган иккита айбловни олиб ташлашга қарор қилди.
🔹 Россияда сентябрда YouTube тезлиги 10 бараварга камайган.
🔹 Покистон билан чегарада жойлашган Миржаве ва Балучистон вилоятида содир этилган қуролли ҳужумда уч нафар эронлик чегарачи ҳалок бўлган.
🔹 Microsoft ўзининг 650 та иш ўринларини қисқартиришини эълон қилди.