Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Трамп: “Европа ўз улушини тўлай бошласа, АҚШ НАТО таркибида қолади”. Олимпиада очилиш маросимида руслар ва беларуслар қатнашмайди

🔹 АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Европа НАТО бюджетига ўзининг “адолатли улушини” тўлаши кераклигини айтди. Европа давлатлари “адолатли ўйин” бошласа, Қўшма Штатлар НАТО таркибида қолади деди у.

🔹 Россиянинг Белгород шаҳридан 9 минг бола эвакуация қилинган. Отишма натижасида камида уч киши жароҳатланган. Россия Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти узра тўққизта реактив снаряд йўқ қилингани айтмоқда.

🔹 АҚШ Олий суди ўз қарорида Техас расмийларига штат полициясига Мексикадан ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш имконини берувчи қонунни қўллашга вақтинча рухсат берди.

🔹 Россия Федерацияси тез орада ҳарбий салоҳиятини тиклаб, 2026 йилдаёқ НАТО давлатларига ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда Польша президенти Анжей Дуда айтди. “Россия тез орада шундай ҳарбий салоҳиятга эга бўлиши мумкинки, у 2026-27-йиллардаёқ НАТОга ҳужум қила олади”, деди у.

🔹 Владимир Путиннинг президентлик сайловларидан кейинги илк хорижий ташрифи май ойида Хитойга бўлиши мумкин.

🔹 Россия ва Беларус фуқаролигига эга бўлган спортчиларнинг Париждаги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиши таъқиқланади. Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг июль-август ойларида бўлиб ўтади. У ерда Россия ва Беларус жамоавий спорт турлари бўйича баҳслашмаса-да, якка тартибдаги мусобақаларда "нейтрал" мақомда қатнашади.

🔹 Толибон Афғонистон билан чегарадош Пактика вилоятида Покистон хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар содир бўлганини, шунингдек, Покистон кучлари бир кун аввал Афғонистон ғарбида ҳаво ҳужуми уюштириб, камида саккиз нафар тинч аҳолини ўлдирганини маълум қилди.

🔹 Афғонистон жанубида яна 6 магнитудали зилзила қайд этилди.

🔹 Доналд Трамп молиявий фирибгарлик ишининг бир қисми сифатида судда тўлаши керак бўлган ярим миллиард долларни топа олмади. Энди Американинг собиқ президенти мол-мулки мусодара қилиниши мумкин.

🔹 Словакия шимолидаги шаҳарлардан бирида, Татра тоғлари яқинида айиқларнинг одамларга ҳужуми сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Айиқ камида 10 нафарга яқин катта-кичик ёшли одамларни жароҳатлаган.

🔹 Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш январь воқеалари бўйича 8 йил шартли қамоқ жазоси олди. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Самат Абиш генерал унвони ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган, бироқ унинг мулки мусодара қилинмаган. 2022 йилги январ воқеалари чоғида давлат тўнтаришига уриниш бўйича Бош прокуратуранинг махсус прокурорлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

🔹 Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида катта ер ости туннели топилди. Туннелга кириш жойи Қирғизистоннинг Сузоқ вилояти Бей-Обод қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйида аниқланган. Туннел 15 метр чуқурликда, 130 метр узунликда ва 1,7 метр баландликда қазилган. Унинг Қирғизистон давлат чегарасигача бўлган узунлиги 50 метрни ташкил қилади. 38 ёшли уй эгаси контрабанда каналини ташкил қилишда гумонланиб қўлга олинган.

🔹 Япония қирғоқлари, Ямагучи префектураси яқинида Корея кимёвий танкери ағдарилиб кетди – 11 нафар хорижий фуқароси бўлган экипаж аъзоси бедарак йўқолган.