Хорижий давлатларда меҳнат ҳуқуқлари бузилаётган фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, хусусан, мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги, ойлик иш ҳақларини ўз вақтида ололмаётганлиги ёки ноқулай шароитларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги юзасидан айрим хабарлар тарқатилди.
Ўзбекистон фуқароларининг нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки хорижий давлатларда ҳам меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан зарур чоралари кўриб борилмоқда.
- Биргина, 2022 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда элчихоналаримиз ва консуллик идораларимиз томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 14 минг нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 271 минг нафарига маслаҳат хизматлари, 20 минг нафарига ижтимоий ёрдам, 3,8 минг нафарига моддий ёрдам кўрсатилиб, 1,4 минг нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, - дейилади Олий Мажлис Сенатининг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси хабарида. - Шунингдек, хорижий иш берувчилардан фуқароларимизнинг 1 199,7 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи ва компенсациялари ундириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Бу борада Миллий комиссия томонидан хорижий давлатларнинг парламентлари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот билан яқиндан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жумладан, юқорида ижтимоий тармоқларда хабар берилган ҳолатлар ҳам Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинганлиги ва бу борада хориждаги ҳамюртларимизга амалий кўмак кўрсатилаётганлиги маълум қилинади.
- Агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, иш ҳақини ўз вақтида бермаслик билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”лари, dmi.mehnat.uz сайти орқали ёки «@mehnathuquq_bot» ва «https://t.me/migratsiyaagentligi» телеграм канали орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз, - дейилади хабарда. - Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ва тегишли зарур чоралар кўрилади.