Хорижлик сайёҳлар Самарқанд зардўзлигига мафтун бўлди

Айни кунларда Қўқон шаҳрида давом этаётган фестиваль шукуҳи дунёни ўзига маҳлиё этмоқда.

Илк бор ўтказилаётган мазкур Халқаро ҳунармандчилик фестивалида самарқандлик ҳунармандлар ҳам фаол иштирок этяпти. Улардан бири – зардўз Шавкат Зоҳидовнинг зар билан жило берилган зардўзлик буюмлари кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда.

- Зардўзлик ҳунари билан оилавий шуғулланамиз, - дейди Ш.Зоҳидов. - Мен бешинчи авлод вакилиман. Очиғи, зардўзлик ўта машаққат ва сабр-тоқатни талаб этадиган ҳунар. Бунинг учун кишида кучли иштиёқ ҳам бўлмоғи зарур. Бугунги кунгача ушбу ҳунарнинг заминдўз, шакардўз, гулдўз ва қуббадўз каби тикиш усулларини пухта ўргандим. Улар асосида миниатюралар, портретлар устида ишлаб, турли композициялар яратганман. Бугунги фестивалга улардан айримларини келтирганман. Жумладан, кўпчилик хорижлик сайёҳлар зар билан жило берган ҳунармандчилик асарим - Ватанимиз гербига маҳлиё бўлишди. Шу билан бирга улар зардўзлик дастгоҳида бирор асарни тикиб кўришга қизиқди ва бирга суратга тушишди.

Акрам БЎРИЕВ.