Хотин-қизлар энди уйдан чиқмасдан муаммоларини ҳал қилиши мумкин
Бунинг учун https://aziz-ayol.uz/ платформаси фаолият олиб бормоқда. Платформада психолог, шифокор ва ҳуқуқшунос билан онлайн мулоқот йўлга қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан миллий платформа доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро электрон ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга асосан, шунингдек 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга 24 соат ичида тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилади.
Платформа орқали:
- хотин-қизлар, шу жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга ёрдам берилади;
- вазирлик ва идоралардан хотин-қизлар билан боғлиқ маълумотлар тезкор йиғилади ва реал вақт режимида таҳлил қилинади;
- хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини таъминланиши бўйича мурожаат қилишлари учун янада қулайликлар яратилади.
Миллий платформани узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига топширилган.