Хотин-қизлар қўмиталарининг бошланғич ташкилотларига кимлар сайланмоқда?

«Каттақўрғон шаҳар 4-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот сайловида шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари иштирок этиб, ташкилотга раис ва шаҳар конференциясида иштирок этиш учун делегат аъзолари сайлаб олинди».

Бир неча кунлардан бери вилоят хотин-қизлар қўмитасининг телеграмм мессенжеридаги гуруҳда ҳудудлардан шу каби хабарлар қўйиб борилмоқда. Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раисларини сайлашга жорий йилда нега бунчалик катта аҳамият берилмоқда? Уларнинг вазифалари нималардан иборат бўлади?

- Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари хотин-қизлар қўмиталарининг асосий тиргаклари бўлиши лозим, - дейди Пахтачи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Қуванова. - Хотин-қизларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш орқали оилавий ажралишларнинг олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлигини оширишда бошланғич ташкилотларнинг ўрни муҳим. Айни кунларда жойларда етти нафардан кам бўлмаган хотин-қизлар фаолият кўрсатаётган ташкилотларда бошланғич ташкилот раислари сайланмоқда. Туманимиздаги 167 та бошланғич ташкилотнинг 60 фоизида ҳисобот сайловлари бўлиб ўтди. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раислари юқорида айтилган вазифаларни амалга оширишда бизга яқиндан кўмакчи бўлади.

Таълим муассасаларида қизлар билан алоҳида иш олиб борилади. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида «Зумрадойлар давраси», мактаб ва коллежларда «Қизларжон», «Бувижоним мактаби» клублари қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ҳунарга йўналтириш, миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш борасида иш олиб боради.

Айни пайтда барча шаҳар ва туманлардаги корхона, муассасаларда хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти раислари сайланмоқда. 30 сентябрга қадар давом этадиган бу жараёнда сайланган раислар ҳамда делегатлар шаҳар ва туман миқёсида ўтказиладиган хотин-қизлар ҳисобот сайлов-конференцияларида иштирок этади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.