Хотин-қизлар тренер-модераторлари вилоят ҳокими томонидан тақдирланди
Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари учун ташкил этилган 3-босқич махсус ўқув курсларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ тренер-модераторлар вилоят ҳокими томонидан тақдирланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъуллари, хотин-қизлар фаоллари ҳудудларда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда воситачи бўлиши, шу боис уларнинг билими ва малакасини оширишга қаратилган тадбирлар давом эттирилишини таъкидлади.
— Икки кун давомида 215 та маҳалладаги хотин-қизлар фаоли билан ишладик, — дейди Самарқанд давлат университети филология факультети доценти, лойиҳа тренер-модератори Жумагул Сувонова. — Бунда уларга ишсиз аёлларни касбга йўналтириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, зўравонликка қарши курашиш ҳамда ажримларнинг олдини олиш сингари муҳим йўналишларда тўпланган илғор тажрибалар ўргатилди. Бундан ташқари, 10 дан зиёд соҳа мутахассислари ўз йўналиши бўйича махсус тренинглар ўтказишди. Келгусида уларга машғулотларда олган назарий билимларини амалиётда қўллашида ҳам кўмак берилади.
Фаол тренер-модераторларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.