ХТВ мактаблардаги пул йиғими масаласига изоҳ берди
ОАВ вакиллари ва блогерлар мактабларда пул йиғими масалалари бўйича турли маълумотларни эълон қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида бир мактаб мисолида умумтаълим мактабларини молиялаш масаласига ойдинлик киритилган эди.
Таъкидлаш жоиз, мактаб таълими тизимига ажратиладиган маблағларнинг 90 фоизи ўқитувчи ва мактаб раҳбарлари маошига йўналтирилади. Қолган маблағни мактаб маъмурияти муассасаларни жорий таъмирлаш ва ободонлаштириш, муассасани янги ўқув йилига ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлашга сарфлаши лозим. Бу маблағлар мактабларни тўлиқ ва сифатли таъмирлашга етмайди. Шу туфайли мактаб раҳбарияти йиллар давомида пул йиғишга мажбур бўлган.
Жорий йилда мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун пуллик хизматларни (бўш жойларни ижарага бериш, пуллик тўгарак) ташкил этиш имконияти яратилди. Қўшимча маблағ топган ҳолда ходимларни рағбатлантириш ва мактабнинг моддий-техник базасини яхшилашга имкон берилди.
Қўшимча маблағ топишнинг яна бир йўли ҳомийларни жалб этишдир. Ҳомийлар турли корхона, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин. Мактабларда мажбурий пул йиғиш тақиқланади. Ҳомийлик ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим. Яъни, пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва ҳомийлар маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумот олиши учун шароит яратилиши керак.
Бу йил мактабларда Кузатув кенгашлари ташкил этилди. Кенгашга ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ўқитувчи ва бошқалар сайланиши мумкин. Кузатув кенгашларига бюджетдан ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш имконияти яратилган.