Хуршид Даврон: "Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди"
Узоқ йиллар Соҳибқирон мавзуси асл илм ва чинакам адабиёт эмас, сохта ва ёлғон демагогия қуролига айланди. Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди.
Гапимга ишонинг, шу пайтгача Соҳибқирон ҳақида нашр этилаётган китобларнинг учдан икки қисми на илмга, на адабиётга алоқаси бор.
Илгари Амир Темур ва бошқа тарихий шахслар ҳақидаги асарлар жиддий кўрикдан ўтказилган бўлса, бугунга келиб пала-партиш, хом-хатала ва тарихий материалдан мутлақо бехабар, тарихий ҳужжату қўлёзмаларни чуқур ўзлаштирмаган муаллифларнинг асарларини муҳокамасиз, илмий экспертизасиз чоп этиш одат тусига кира бошлади.
Устоз олимларимиздан бири “ота-боболаримиздан қолган улкан маънавий бойлик, қўлёзма асарлар Қизилқум саҳросига сочилиб кетган олтинни эслатади, бу асарлар дунё кутубхона, музейларига сочилиб кетган”, деб ёзганини эслайман.
Ҳиндистоннинг дунёга машҳур Патна шаҳридаги кутубхонадаги бир нодир қўлёзмада Шарқ ҳукмдорлари, шу жумладан, Амир Темур салтанатининг вазирлари ҳақида маълумотлар ёзилгани ҳақида ўқиганимга ҳам 40 йилдан ошди.
Аммо, ҳанузгача биз бу хусусда аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бир пайтлар бир ёзувчининг ўзи тўқиб чиқарган вазирларнинг номлари асардан асарга кўчиб юради.
Соҳибқирон бобомиз номи билан боғлиқ ёлғонлардан бири унинг турк султони Боязид Йилдиримга бўлган муносабатини ёритган бир қатор асарлар мавжуд. Амир Темур билан Султон Боязид ўртасидаги муносабатлар ҳалигача ойдинлашмагани учун ёлғону чалкашликлар қисман бўлса-да бартараф этилмаган. Узоқ йиллар мобайнида биз бу ойдинлик йўлини тўсишда совет тузумини баҳона қилиб келдик. Афсуски, Туркияда ҳам илм одамларининг аксарияти ўртада кечган воқеаларни фақат Амир Темурга бўлган салбий нуқтаи назарларидан келиб чиқиб баҳоладилар. Аммо кейинги йилларда турк илм дунёсида тарихий ҳужжатлар асосида масалани ёритишга қаратилган холис илмий асарлар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистонда эса олдин ҳам, ҳозир ҳам бу мураккаб масалага чала-чулпа эътибор берилди.
Фақат бу масалага эмас, миллий тарихимизнинг жуда кўп чигал муаммоларини ёритишда ҳанузгача айрим Ғарб ва рус-совет тарихчиларининг ёлғону бўҳтонларга қурилган “асар”лари асосида иш кўришдан бутунлай қутула олмадик.
Ўтган аср бузғунчи тарихчиларининг “Амир Темур ҳузурига Султон Боязидни бўйнига арқон солиб олиб келишган”, “Амир Темур Султон Боязидни қафасга солиб қўйган” деган мутлақо ёлғону туҳматга қурилган гапларини бугун ҳам Тошкентда нашр этилган китобларда ўқишимиз мумкин.
Мана, бир мисол: тарих фанлари доктори Ҳамдам Содиқовнинг 2007 йили Тошкентдаги “Art filex” нашриётида чоп этилган “Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар” китобининг 223-224 бетларида шундоқ манзара ифода этилган: “Чодирда Темурбек шатранж ўйини билан овора эди... Шу вақт чодирга Султон Маҳмудхон кириб келди. Бутун давлат ҳукмдори – Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлган саркарда Темурнинг олдига бўйнига арқон тушган султон Боязидни олиб кирди...”
Шу қисқагина лавҳада бир назарда тутган ёлғондан ташқари 320 саҳифадан иборат бу “асар”да яна сон мингта хатоликлар мавжудлигини кўрсатиб турибди.
Биргина “Султон Боязид қафасда” мавзусида ўтган салкам етти аср мобайнида оврупаликлару руслар томонидан чизилган расмларнинг саноғига етиш қийин.
Қафас мавзуси акс этган бадиий ва илмий асарлар ҳам саноқсиз. Уларнинг сафи камайишига эса ишонгим келмайди. Майли, бу ишлар Ғарбда бўляпти. Бизда, она тарихидан бехабар бизда-чи?
Эртага Султон Боязид бўйнига арқон ташлаган тарих фанлари докторидан “ибрат” олган яна бирортаси султонни қафасга солиб қўймаслигига ким кафолат беради?
Бундан йигирма бир йил аввал нашр этилган “Соҳибқирон набираси” номли қиссамда қафас ҳақидаги иғвогарона ёлғон асоссиз эканини тарихий далиллар асосида ойдинлаштирган эдим.
“Бўйинга солинган арқон” ҳақидаги ёлғонни ҳам сўнгги йилларда ёзилган мақолаларимда тарихий ҳақиқатга зид эканини ёзганман. Аммо бугун ҳам шу ёлғонга ишонишмоқда, тарихий ҳақиқатдан узоқ китобларни ўқишмоқда.
Ўша тарихчилар Султон Боязиднинг бўйнига арқон солишдан олдин ўша давр, яъни бўлиб ўтган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган усмонли муаррихларнинг қолдирган тарихий асарларни кўздан ўтказиши шарт эмасмиди?
Бу муаррихларнинг асосий қисми бу учрашув ҳақида ёзар эканлар, Амир Темур турк султонини иззатона кутиб олгани, у билан узоқ ҳамсуҳбат бўлгани ва ҳатто мулоқот пайтида келгусида ўзаро қуда-анда бўлиш ҳақида гаплар ҳам айтилганини қайд этганлар.
Амир Темур билан Султон Боязид ўртасидаги муносабатларни аниқлаштирадиган манбалардан бири уларнинг ўзаро ёзган мактубларидир. Йигирма икки йил аввал Туркияга борганимда, бу мактубларни кўриш насиб бўлган эди. Ўша сафар кунлари Истанбулда Ая-София номи билан машҳур, бир пайтлар насронийлар ибодатхонаси, Истанбул фатҳидан кейин масжидга ва янги даврда музейга айланган бир ярим минг йилдан зиёд тарихга эга муаззам даргоҳга борган эдик.
Бизни катта ҳурмат билан кутиб олган қадимий қўлёзмалар жамғармаси раҳбари суҳбат орасида “Сиз иккингиз учун жамғармамиз очиқ, қайси нодир қўлёзмани истасангиз, ҳозироқ кўрсатамиз,” дея илтифот қилди.
Эркин Воҳидов Алишер Навоий асарлари қўлёзмасини, мен Амир Темур билан Султон Боязид Йилдиримнинг ўзаро ёзишмалари – мактубларини кўрсатишни илтимос қилдик. Хуллас, Эркин ака баҳона, мен ҳам кўришни орзу қилган мактубларни кўздан кечиришга муяссар бўлдим.
АМИР ТЕМУР ВА ЕВРОПА
Сўнгги йилларда туркча сайтларда эълон қилинган Амир Темур билан Султон Боязиднинг ўзаро ёзишмалари билан танишиб, уларни ўргана бошладим.
Айни шу сабабдан, юқоридаги гапимни яна такрорлайман: икки турк ҳукмдори ўртасидаги муносабатларни аниқ-равшан билиш учун мактубларни ўрганиш, таҳлил этиш жуда муҳимдир.
Тадқиқотчи олима Дилрабо Абдуллаеванинг айнан шу мавзуга бағишланган мақоласидаги мана бу жумлаларга эътибор қаратаман: Йилдирим Боязидга юборилган номада эса унинг асли насаби кемачи туркман бўлгани айтилиб, шу кунгача уруш очмай турилгани баён этилади.
“Сен фаранг кофирлари била ғазотга машғулсен. Ва агар биз ул сори борсак, мусулмонлар ташвишда бўлурлар ва кофирлар шодмон бўлғайлар. Зинҳор базинҳорким атоларингнинг тариқаларини сақлағил ва аёғингни ўз ҳаддингдин узотмағил, ўзунгга мағрур бўлмағил”.
Келтирилган бу гаплар яна бир ёлғонни яланғочлайди: мустақилликнинг дастлабки йилларида Ғарбга ёқиш масаласида айтилган, тарихий ҳақиқатдан кўра, сиёсий нуқта назарга амал қилиб, “Амир Темур Европа халоскори” деб жар солганимиз ҳам асоссиз эканини кўрсатади.
Худди шунингдек, усмонлилардан халос этгани учун миннатдорлик рамзи сифатида Европада Амир Темурга ҳайкал ўрнатилган, деган гап ҳам қуп-қуруқ лоф эди.
Аниғини айтадиган бўлсак, ҳайкал эмас, бемалол иш столи устига қўйса бўладиган кичкина ҳайкалча мавжуд бўлган. Европа ҳамжамияти билан бу асоссиз гапларни айтмасдан ҳам яқинлашиш мумкин, деб ўйлайман. Дунёнинг тараққий топган қисми билан яқинлашиш учун лоф ишлатиш шарт эмас.
Хуршид Даврон,
Ўзбекистон халқ шоири.
ЎзА'дан қисқартириб олинди.