Хусусий нотариус 25 ёшдан кичик бўлмаслиги керак

Қарор билан Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, лицензия олиш учун талабгор:

25 ёшдан кичик ва 65 ёшдан катта бўлмаслиги;

олий юридик маълумотга эга бўлиши;

юридик мутахассислик бўйича 3 йиллик стажга эга бўлиши (шу жумладан нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган бўлиши);

малака имтиҳонини топшириши шарт.

Судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятига раҳбарлик қилиш, ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларда камида 3 йил ишлаган шахслар стажировкадан ўтмасдан имтиҳонда иштирок этишга ҳақли.

Талабгорлар лицензия олиш учун давлат хизматлари марказларига (ДХМ) ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.

ДХМларда марказ ходими томонидан, ЯИДХПда мустақил равишда сўровнома тўлдирилади. Сўровномага тегишли ҳужжатлар электрон тарзда илова қилинади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун БҲМнинг ярим баравари (111 минг 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғимнинг 90 фоизи (100 минг 350 сўм) ундирилади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси 15 иш кунигача бўлган муддатда сўровномада кўрсатилган маълумотларни ўрганиб чиқади.

Ўрганиш натижасига кўра, талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиш ёки иштирок этишини рад этиш тўғрисида хулоса тузилади ва тасдиқланади.

Малака имтиҳони талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилган хулоса тасдиқланган кундан бошлаб 5 кундан сўнг, лекин 15 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан юқори балл тўплаган талабгор имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор бўйича қарордан кўчирма тегишли адлия органига лицензия расмийлаштириш учун юборилади.

Талабгор томонидан лицензияни олиш учун қонунчиликда белгиланган миқдорда давлат божи тўлангандан сўнг:

лицензияловчи орган QR-код қўйилган лицензияни расмийлаштиради ва ДХМга ёки талабгорга ЯИДХП орқали юборади;

ДХМ лицензия келиб тушган куни уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ёки унинг сўровига асосан лицензияни қоғоз шаклда беради.

Фаолият юритаётган давлат нотариусларига хусусий фаолият учун лицензия фақат уларнинг аризасига асосан Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан тўғридан-тўғри расмийлаштириб берилади.