XX асрнинг 100 кунгача "умр кўрган" давлатлари
Инсоният тарихида ўзларини мустақил деб эълон қилган, бироқ узоқ "яшамаган" давлатлар кўп бўлган. Озодликка эришган юрт аҳолиси кучсизлигидан ҳар доим қувғинга ва ўлимга маҳкум этилган.
1905 йилги рус революциясидан сўнг Россиянинг Москва губерниясида ташкил этилган Марков деҳқонлар республикаси 243 кун "умр кўрган". 1918 йилда Буюк польяклар қўзғолонидан кейин немис қишлоғи руҳонийси томонидан ташкил этилиб, 218 кун "яшаган" Швентен озод давлатини ҳам киритсак бўларди. Улар қаторида 1918 йилда немис шаҳзодаси Вильгельм фон Урах асос солган, 259 кун фаолият юритган Литва қироллиги ҳам бор.
Шунингдек, I жаҳон урушидан сўнг тарқалиб кетган Австро-Венгрия давлати ўрнида Словакия совет республикаси, Тарнобжег, Банат, Команча, Прекмурье ҳамда Баранья-Байя каби кичик мамлакатчалар ҳам ташкил этилган эди. Аммо кўп ўтмасдан қандай пайдо бўлган бўлса, шундай изсиз ғойиб бўлган.
Бироқ қуйида улардан ҳам камроқ, яъни бор-йўғи 100 кун давр сурган давлатлар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Тоғли Арманистон республикаси - 78 кун
1920 йилдаги келишувга асосан Арманистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасидаги баҳсли ҳудудлар - Қорабоғ, Зангезур, Нахичеван туманлари Қизил Армия назоратига ўтади. Аммо барча арманлар ҳам советларга ишонмас эди. Зангезурлик ҳарбий саркарда Гарегин Нжде қизилларга қарши қўзғолон кўтариб, партизанлар ҳаракатини ташкил этди. Унинг ҳар бир ҳаракати ғалаба билан якунланарди. У нафақат Зангезур, балки Қорабоғнинг ярмида ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, Тоғли Арманистон республикасини ташкил этди. Аммо 78 кундан сўнг Қизил Армия қўшинлари унинг тўдаларини тор-мор этиб, қўзғолонни бостирди. Г.Нжде эса Эронга қочиб кетишга муваффақ бўлди.
Қрим халқ республикаси - 34 кун
1917 йилдаги февраль инқилобидан сўнг қрим-татарлар фаоллиги кучайиб, Қрим ярим оролида мустақил мусулмон давлати тузишга аҳд қилинди. Боғчасаройда бўлиб ўтган қурултойда Қримни парламент бошқарувидаги халқ республикаси деб аташди. Президент қилиб Номан Челебиджихан сайланди.
Қизиғи, мазкур ислом республикасида давлатни черковдан ажратиш, аёлларга эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини бериш каби қарорлар қабул қилинган эди. Аммо кўп ўтмай на расмий тан олинган ҳукумат, на кучли қўшинга эга бўлган республика большевиклар томонидан бостирилган.
Бавар совет республикаси – 27 кун
1919 йилда Германия қироли Людвиг III Виттельсбах тахтдан ағдарилгач, ҳукмронликни қўлга олган коммунистлар Бавария шаҳрида Евгений Левин бошчилигида совет республикасини ташкил этишди. Ҳукумат банкларни қўлга олди, корхона ва ташкилотларда ишчилар назорати ташкил этилди. Фавқулодда комиссия ва Қизил армия ташкил этилди. Шу йилнинг 29 апрелида Баварияга Германия қўшинлари кириб келиб Мюнхен шаҳрини қонга булади. Уч кун ичида мингга яқин «қизил»лар отиб ташланди.
24 соатдан камроқ яшаган Карпат Украинаси 1920 йилда Чехословакияга автоном бўлиб қўшилди. 1938 йилги Мюнхен битими Гитлернинг қўлини боғлаб турарди. Шу сабаб нацистлар Судетига бостириб киргач, Чехословакия республикаси тугатилди. Карпат Украинаси эса 1939 йил 15 мартда ўзини мустақил давлат деб эълон қилди.
Ҳукумат Гитлерга хат йўллаб, янги тузилган давлатни Германия таркибига қўшиб олишни илтимос қилди. Аммо Рейх бу шартга рози бўлмади. Венгерлар эса Карпат Украинасига Венгрия таркибига кирмаса уруш эълон қилишларини айтди. Бироқ янги давлат раҳбарияти мадиярларнинг таклифига рози бўлмасдан, ўз мустақиллигини 15 минг кўнгиллилардан иборат қўшин билан ҳимоя қилишга қарор қилди. Эртаси куни венгерлар қўшини пойтахт Хуст шаҳрини, кейинчалик бутун бошли Карпат Украинасини босиб олди.
Россия Демократик Федератив республикаси
Бор-йўғи бир неча соатгина "яшаган" ушбу республика 1917 йилда Корнилов қўзғолони бостирилгач, Муваққат ҳукуматининг 5 вазири томонидан эълон қилинди. Улар конституция лойиҳасини ишлаб чиқишди. Янги ҳукумат Россияни икки палатали парламент ва президент бошқариши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Улар расмий мадҳия сифатида француз ишчиларининг «Марсельеза»сини қабул қилишди.
Бор-йўғи бир неча соат яшаган Россия Демократик Федератив республикасини большевиклар шу куннинг ўзида тарқатиб юбориб, қарорни бекор қилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.