Яна бир автомобиль портлади: Бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Ҳар йили автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг носозлиги ёки улардан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида кўплаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлади. Хусусан, яқинда ижтимоий тармоқларда яна бир газ баллони портлаган автоулов сурати тарқалди. “Самарқандда”, дея таъкидланган ушбу маълумот бўйича ўрганиш ўтказдик.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа жорий йилнинг 25 февраль куни, соат 11:30 да Самарқанд шаҳри Мирзо Бедил кўчасида жойлашган автомобилларга метан қуйиш шохобчасида содир бўлган. Унда 2019 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия-3” русумли автомобилга сиқилган газ (метан) қуйиш вақтида унинг газ баллонида ёрилиш содир бўлган.

Афсуски, бу ҳодиса қурбонсиз бўлмади. Шохобчада ишловчи 1980 йилда туғилган фуқаро М.З. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Масъул идоралар жараёнда бошқа ҳеч ким жароҳат олмаганлиги, воқеа оқибатида ёнғин келиб чиқмаганини айтишмоқда.

— Воқеа жойига вилоят фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч ва воситалари жалб қилиниб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилди, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Илҳом Боқиев. – Айни вақтда ҳодиса юзасидан дастлабки суруштирув ва ўрганиш ишлари давом этмоқда. Айтиш жоизки, ўтган йили ҳам вилоятимизда автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари билан боғлиқ бир нечта бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Ҳолбуки, оддий техника қоидаларига амал қилиш орқали бу талафотларнинг олдини олиш мумкин эди. Тўғри, бошқармамиз томонидан жойларда тизимли тарғибот ишлари олиб бориляпти. Бироқ муаммонинг олдини олиш учун ҳар бир инсон, хоҳ у ҳайдовчи, хоҳ йўловчи бўлсин, шахсий масъулиятни ҳис қилиши, жамоат назоратини кучайтириши лозим.

Хўш, автомобиль хавфсизлиги учун нималарга аҳамият бериш керак? Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, қуйидаги омиллар транспортга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини белгилаб беради:

- фойдаланиш муддати. Ишлаб чиқарувчилар томонидан газ баллонларининг фойдаланиш муддати 15 йил, деб белгиланган. Аммо уни сақлаш ва эксплуатация шароитининг оғирлигига қараб бу муддат камайиши мумкин.

- Даврийлик цикли. Бу кўрсаткич газ баллонига бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Бу кўрсаткич ишлаб чиқарувчилар томонидан йилига минг маротаба, деб белгиланган. Аммо амалиётда айрим ҳайдовчилар газ баллонига йилига икки минг маротабадан ҳам кўпроқ газ қуйишади.

- Босим. Газ баллонидаги босим 20 мегапаскалдан ошиб кетмаслиги керак. Афсуски, кўпчилик ҳайдовчилар узоқроқ йўл босиш мақсадида кўпроқ босим остида газ қуйишга ҳаракат қилишади.

- Техник кўрик. Газ баллонлари ҳар йили камида бир маротаба юқори босим остида синовдан ўтказилиши керак. Бу газ баллони деворларининг мустаҳкамлигини аниқлаш имконини беради. Шунингдек, жараёнда баллондаги чўкмалар ва бошқа чиқиндилар тозаланади.

- Сифат. 2018 йил февраль ойидан республикамизда СПГ-2 турдаги (капрон) газ баллони фойдаланишдан чиқарилган. Бунга мазкур газ баллонларининг етарли даражада мустаҳкам эмаслиги ва фойдаланиш муддатининг қисқалиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо ҳозир ҳам “капрон” композит қопламали газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

- Тўғри ўрнатиш. Газ баллонлари фақат тегишли лицензияга эга мутахассислар томонидангина ўрнатилиши лозим. Шунингдек, газ ускуналарининг стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши керак. Арзон ва қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқади ва зарур ҳолларда ишламай қолади. Оқибати эса ҳаммага маълум.

Асқар БАРОТОВ.