Яна табиий газ муаммоси: Кеча ёққан қор ҳаммани шошириб қўйди

Икки кундан буён ёққан қор туфайли ҳаво совиб, аҳоли хонадонларида газ босими пасайиб кетди. Бу айниқса, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли хонадонларда яшовчиларнинг асосий муаммосига айланди.

Кеча «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамиятининг Самарқанд шаҳар бўлимида ҳам шу масалада шикоят қилиб келганлар сони анчагина экан. Кимдир кўп қаватли уйда яшайди, хонадонидаги иситиш тизимлари ишдан чиққанига бир неча йил бўлган. Уйини иситиш у ёқда турсин, ҳатто газ плитада овқат пиширишнинг ҳам иложини тополмаяётганлар бор. Яна кимдир уйни табиий газ билан иситишни истайди.

- Дам олиш кунлари уйимиз совиб, болаларимиз азоб чекди, - дейди Кимёгарлар шаҳарчаси 33-уйда яшовчи М.Субҳонов. – Иситиш тизимлари яхши ишламайди. Овқат пиширишга ҳам газ йўқ. Суюлтирилган газ баллонлари ёқай десак, жуда хавфли. Кўп қаватли уйда печка ўрнатиб, кўмир ёки ўтин ёқиб бўлмаса, қачон бу муаммолар ҳал этилади?

Юқоридаги муаммоларга ечим излаб мутасаддиларга мурожаат қилдик.

- Дарҳақиқат, икки кундирки, Самарқанд шаҳрининг Қўшчинор, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Сўзангарон, Қўшҳовуз, Мададкор, Мирзо Бобур, Зарафшон маҳаллалари, Кимёгарлар шаҳарчаси - жами 15 маҳаллада газ босими кескин камайиб кетди, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамиятининг шаҳар бўлими бош муҳандиси Исрофил Ваҳобов. – Ҳозиргина мутахассислар билан биргаликда Кимёгарлар шаҳарчасига бориб, вазиятни ўргандик. Иситиш тизимлари ишламаслиги сабабли аҳоли хонадонини газ плиталар ёрдамида иситишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, айрим маҳаллаларнинг газ тақсимлаш станцияларидан узоқда жойлашганлиги ҳам уларни табиий газ билан таъминлашда оғир бўляпти.

- Газ босими пастлиги туфайли хонадонларни иситиш муаммоси, нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам долзарб бўлиб турибди, -дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ директори Холмурод Бобомуродов. - Вилоятимиз учун ажратилган табиий газ борган сари камайиб боряпти. Аммо айни кунларда Энергетика вазирлигидан келган мутахассислар шаҳар ва туманларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганишмоқда. Агар ҳаво совиб кетаверса, қўшимча газ олишга тўғри келади. Ҳозир биринчи навбатда, Самарқанд шаҳридаги, шунингдек, туманлар марказларидаги кўп қаватли уйларни иситиш мақсадида иссиқлик қозонхоналарини таъминлашимизга тўғри келади.

Мутахассислар қишнинг совуқ кунларида ҳовлида яшаётган аҳолига кўмир ва маиший газ баллонларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Чунки бу аҳвол бир ҳафта-ўн кун давом этиши мумкин.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.