Янги мегополис, лекин одамлар яшамайдиган шаҳарлар
Одамлар бирор-бир зарурий вазият ёки фавқулодда ҳолат эълон қилиниши туфайли шаҳарларни тарк этади. Баъзида эса янги қурилган бутун бир шаҳарлар аҳолисиз қолиб кетади. Бугун айнан шундай шаҳарлар бўйлаб саёҳатга чиқамиз.
Канбоши
Бир қарашда Хитойда аҳолининг ҳаддан ташқари кўплиги ҳукм суради, мамлакатда одамлар ўзи яшаши учун ҳеч бўлмаганда кичкинагина “квадратметр”ларни топишга ҳаракат қилади. Лекин бу ерда ҳам атрофида озода хиёбонлар ва парклари бўлган кўп қаватли бинолари бор “арвоҳ” шаҳарларни топиш мумкин.
Хитой шимолидаги Ордос округида қурилган шаҳар 300 минг аҳолига мўлжалланган эди, бироқ бугунги кунда у ерда ҳатто бир кишини ҳам топиш қийин. Шаҳар қурилиш жадаллиги даврига тўғри келди, лекин истиқболли мегаполис кўчмас мулкка сармоялигича қолиб кетди.
Гап шундаки, глобал молиявий инқироз иморат солувчилар иштаҳасини сезиларли даражада тўсиб қўйди ва энди улар киритилган маблағларнинг ҳеч бўлмаса бир қисмини қайтариш йўлини изламоқда. Бунинг учун улар бўм-бўш кўп қаватли уйларни портлатиб, эгаллаб олган ерларни янги инвесторларга сотишни режалаштираяпти.
Сесеня
Бу бўм-бўш шаҳарни дўстона, илиқ Испанияда топиш мумкин, бу ҳам ўта ҳайратланарли. Ахир ким Испанияда яшашни хоҳламайди дейсиз? Шунга қарамай, бу шаҳар-мажмуа бугунги кунгача аҳолисиз бўлиб қолмоқда.
Миллиардер Франциско Эрнандо кўчмас мулк шиддати авжида Мадрид ва Толедо ўртасидаги Сесеня чеккасида 13 500 хонадондан иборат улкан турар-жой мажмуасини қурди. Том маънодаги бу "инсон уяси" Европадаги хусусий ишлаб чиқарувчилар томонидан қурилган энг йирик турар-жой мажмуасига айланди.
2008 йилда Эрнандо лойиҳа кредиторларига ҳатто 2 мингдан ортиқ квартирани муваффақиятли топширди, аммо мамлакат расмийлари ичимлик суви ва бинога кўчиб ўтишга рухсат йўқлиги сабабли сотувларни тўхтатди. Бундан ташқари, ушбу турар-жой мажмуасида ҳеч қандай инфратузилма ва йўллар кўзда тутилмаган.
Турар-жой мажмуасининг тарихи қайғули якунланди. Натижада, Эрнандо солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва порахўрликда айбланди, шунда у қурилишни ташлаб, Экваториал Гвинеяга қочишга мажбур бўлди.
Киламба
Хитой халқаро мулк бошқариш инвестицион корпорацияси Ангола пойтахти Луандадан 30 километр узоқликда жойлашган Киламба шаҳрини жонлантиришга киришди.
750 та саккиз қаватли турар-жой бинолардан иборат шаҳар бўлинган туманларига қараб турли рангларда бўялган. Уйлар 500 минг кишига мўлжалланган эди, аммо улар ҳеч кимга насиб қилмади. Шаҳарда ҳатто пухта ўйланган инфратузилма мавжуд: юзлаб савдо марказлари ва ўнлаб мактаблар қурилди.
Ҳақиқат шундаки, бундай чиройли квартираларни сотиб олиш Ангола аҳолисининг имкониятларидан ташқарида бўлиб чиқди. Қурилиш узоқ вақт олдин тугаганига қарамай, бугунги кунга қадар Киламбада бор-йўғи 220 дан ортиқ квартира сотилган. Ангола аҳолиси бундай уй-жойларни ҳатто ипотека ёрдамида сотиб олиш имкониятига эга эмас.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.