Янгиқўрғонча суюлтирилган газга мослаштирилган

Янгиқўрғонча қишлоғи нафақат Каттақўрғон тумани, балки вилоятда ҳам энг катта қишлоқлардан ҳисобланади. Эътибордан четда қолаётган қишлоқлар ҳам “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида ободонлаштирилиб, кўркам қиёфа касб этмоқда.
Бизнинг Янгиқўрғонча қишлоғимиз ҳам 2021 йилги “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, ободонлаштириш ишлари бошланди. Лекин бир масала бизни кўп йиллардан буён қийнаб келмоқда. Гап шундаки, қишлоғимиз 1992 йилда тўлиқ табиий газ билан таъминланган эди. Бироқ, 2013 йилда нимадир бўлди-ю табиий газ бериш тўхтатилди. Энди қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектларида иситиш муаммоси юзага келяпти. Ҳозиргача қишлоғимизга тортилган табиий газ қувурлари, газ тақсимлагичлар ҳам жойида турибди. Аммо табиий газдан дарак йўқ.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоғимиз яна табиий газ тармоғига уланса, бутун қишлоқ аҳлининг армони ушалган бўларди.
Каттақўрғон тумани, Янгиқўрғонча қишлоғи аҳолиси номидан Адаш Худойқулов, Акбар Омонқулов ва жами 21 та имзо.
P\s: Мазкур мурожаатни тегишлилигига кўра ўрганиш учун "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиалига юбордик. Директор ўринбосари А.Муҳаммадиев имзоси билан келган жавоб хатида жумладан, шундай дейилади:
"Ушбу маҳаллада 2011 йилдан буён мунтазам равишда табиий газ таъминотида узилишлар кузатилганлиги ва ҳудуд аҳолисини табиий газ билан бир маромда таъминлашнинг техник имконияти бўлмаганлиги сабабли Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги ПҚ-2367-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 апрелдаги 26-сонли йиғилиш баёни, шунингдек, вилоят хокимининг 2015 йил 10 августдаги 174-сонли қарорига асосан табиий газ танқислиги сезилган ҳудудлар руйхатига киритилган ва суюлтирилган газга мослаштирилган.
Айни кунларда Янгиқўрғонча маҳалласида хонадонлар белгиланган тартибда “Kattaqo’rg’ontumangaz” филиали томонидан суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Маҳалла хонадонларини табиий газ билан таъминлашнинг эса имконияти йўқ".