Янги йил арафасида Пахтачида янги объектлар фойдаланишга топширилди
Пахтачи тумани Самарқанд вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда ушбу туманда ҳам кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, туман маркази ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилмоқда.
Бугун фойдаланишга топширилган бир қатор объектлар Янги йил байрамида пахтачиликларга муносиб совға бўлди.
Жумладан, туман марказида янгидан бунёд этилган кўп тармоқли марказий поликлиникада туман аҳолисига замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган. 2 миллиард 517 миллион сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган муассаса 100 қатновга мўлжалланган. Бу ерда 8 нафар умумий амалиёт шифокори ва 26 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатади.
Шу пайтгача туманнинг “Paxtachi” газетаси ўтган асрда қурилган эски бинода фаолият олиб борарди. Жорий йилда туман ҳокимлиги томонидан таҳририят учун барча қулайликларга эга шинам бино қуриб берилди. Бугун ушбу маскан ҳам тантанали равишда очилди.
Шунингдек, бугун туман марказида иккита кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. “Мадина савдо белгиси” хусусий корхонаси томонидан буёнд этилган 5 қаватли бу уйлар 114 хонадонга мўлжалланган. Бир ва икки хонали уйлар барча коммуникация тармоқларига уланган.
Бу йил илк бор туман марказига оқова сув тармоғи ҳам тортилиб, корхона ва ташкилотлар, аҳоли хонадонларига уланди. Ушбу қулайлик Пахтачи тумани марказини замонавий шаҳарчага айлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга хизмат қилади.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бугун туман маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш бўлими биноси, энергия тежамкор ускуналар ўрнатилган ун заводи, сув иншоотлари, намунавий арзон уй-жойлар ҳам фойдаланишга топширилди.