Янгиланган сайлов қонунчилиги: Энди вакиллар шу асосда сайланади

Жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларида кенг кўламли ўзгаришлар кузатиляпти. Хусусан, ўтган йили референдум орқали Асосий қонун янгиланди.

Аслида бу ишнинг парламент палаталари орқали қилиш ҳам мумкин эди. Аммо танланган йўл орқали бутун халқнинг хоҳиш-иродаси инобатга олинди, Конституциянинг янги таҳририни ишлаб чиқишда одамлар билдирган 100 минглаб таклифлар инобатга олинди.

Ҳуқуқий ўзгаришлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ, галдаги вазифа Бош қомусда белгиланган тамойилларни амалда татбиқ этишдан иборат. Бу борада тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Мисол учун, 2023 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Иккита бюллетенни тўлдирасиз

Одатда сайловга борганда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун битта бюллетенда ўзимиз танлаган номзодни белгилаганмиз. Юқорида қайд қилинган қонун билан қуйи палата сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Шу боис, энди 75 та сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилади. Яъни, битта бюллетенга ўзингиз танлаган номзодга, иккинчисида партияга овоз берасиз.

Дарвоқе, ягона округ бўйича сайланадиган депутатликка номзодлар партиялар тақдим қилган рўйхатдан олинади. Яъни, олган овозига қараб партия номзодлари депутатликка тавсия этилади.

Савол туғилиши табиий, рўйхатга бизга очиқланмайдими? Қонундаги яна бир янгилик ҳам шунда, партиялар Марказий сайлов комиссиясига 75 та ўрин учун 100 нафаргача номзодлар рўйхатини тақдим этади. Бунда ҳар беш нафардан, албатта, 2 киши хотин-қизлардан бўлиши шарт.

 

Ҳудудлар бўйича ҳам ўзгаришлар кўп

Асосий ўзгартиш шундаки, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилади. Энди парламент сайлови учун бошқа, референдум учун яна битта, Президент сайловига навбатдаги комиссия тузилмайди. Вилоятда булар учун ҳудудий сайлов комиссияси, жойларда туман ва шаҳар сайлов комиссиялари масъул бўлади.

Сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан беш йил муддатга тузилади.

Шу ўринда қайд этиш лозим, Асосий қонунга кўра, сайловлар октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги 1 якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Бу эса ўтиб бораётган вақт бизни катта сиёсий жараёнга тобора яқинлаштираётганини кўрсатмоқда.

Муҳим рақамлар

Семинарда таъкидланганидек, энди вилоят Кенгашларида қатъий 60 нафар, шаҳар ва туманларда 30 нафар депутат бўлмайди. Янги тартиб бўйича аҳоли сони 30 минггача бўлган шаҳар ва туман Кенгашларига 10 нафардан 15 нафаргача халқ ноиблари сайланади. 30 мингдан 100 минггача нуфусга эга ҳудудда уларнинг сони 15 дан 20 нафаргача этиб белгиланмоқда. Кенгашда 25-30 нафар депутат 300 мингдан кўп одам яшайдиган шаҳар ёки туманда бўлади.

Вилоят Кенгашларида ҳам халқ ноиблари сони 30-40 нафар бўлиши ҳам мумкин. Агар аҳоли сони 2 миллионгача бўлса, шундай норма қўлланилади. 3 миллионгача бўлганда 40 тадан 50 тагача депутат сайланади. Нуфус 3 миллиондан ошганда уларнинг сони 60 нафаргача бўлиши белгиланмоқда.

Шаҳар ёки туман, вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар парламент қуйи палатасига номзод бўлолмайди.

Семинар давомида қонунчиликдаги шу каби ўзгартишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.