Япон сайёҳининг Самарқандда йўқолган сумкаси Тошкентда қайтариб берилди

Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, 2020 йил 3 январь куни соат 12:45 да Тошкент шаҳар хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқарма ходимларига япониялик 49 ёшли Я.А. буюмлари йўқолгани юзасидан мурожаат қилган. У турмуш ўртоғи, 54 ёшли К.А. билан Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларни томоша қилиш учун келган. Туристларнинг сўзларига кўра, улар сумкалардан бири йўқолганини Самарқанддан Тошкентга келаётган пайтда поездда пайқаб қолган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари туристлар Самарқандда қайси жойларда бўлганлигини аниқлаб, Самарқанд вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига бу ҳақда хабар берган.

Аниқланишича, туристлар вокзалга Самарқанддаги меҳмонхона ишчиси томонидан чақирилган таксида келган. Такси ҳайдовчиси, 46 ёшли Н.А. бўлган. Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари у билан боғланганда, ҳайдовчи ҳақиқатан ҳам япониялик туристларни вокзалга етказиб қўйганини ва машинанинг орқа ўриндиғида йўловчилардан бири томонидан сумка унутиб қолдирилганини маълум қилган.

Такси ҳайдовчиси сумкани меҳмонхонага етказиб берган ва шундан сўнг сумка Тошкентга жўнатилган. Сумка ўз эгасига Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида сайёҳлар Японияга қайтишидан бироз олдин топширилган.

Япониялик туристлар Тошкент шаҳар ИИББ ва Самарқанд вилояти ИИБ ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.