Японияда нега ўқитувчилар байрами нишонланмайди?
Бир куни япониялик ҳамкасбим Ямомотодан сўрадим:
- Сизларда ўқитувчилар куни қачон?
Бироз ҳайрон қолган Ямомото жавоб берди:
- Бизда ҳеч қандай ўқитувчилар байрами йўқ.
Ўшанда ишонгим келмаганди. Ахир қандай қилиб, иқтисодиёт, фан, техника тараққий этган мамлакатда ўқитувчиларнинг қадри йўқ?
Бир куни Ямомото мени меҳмонга таклиф қилди. Уйи бироз узоқ бўлгани учун метрода боришимизга тўғри келди. Айни тиғиз пайт, жамоат транспортлари тўла – тиқилинчда зўрға кетяпмиз. Шу пайт бир қария менга имо қилди ва жой бўшатиб, ўтиришимни сўради. Ҳар қанча хижолат бўлсам ҳам, у қатъий туриб олди ва мен ўтиришга мажбур бўлдим. Метродан чиқишда дўстимдан қариянинг нега бундай қилганини сўрадим.
- У сенинг тақиб олган нарсангдан ўқитувчи эканинингни билди ва ушбу касбга ҳурмати юзасидан жой берди, – деди Ямомото.
Мен унинг уйига биринчи марта бораётганим учун бирор совға олмоқчи бўлдим ва ниятимни ҳамроҳимга айтдим. У йўлимизда ўқитувчилар учун дўкон борлигини ва имтиёзли нархларда у ердан харид қилиш мумкинлигини айтди. Ҳайронлигим яна ошди.
- Имтиёзлар фақат ўқитувчилар учунми? – сўрадим ундан.
- Ўқитувчи бизда энг ҳурматли касб эгаси. Тадбиркорлар дўконларига ўқитувчи кирса, фахрланишади.
Японияда бир муддат яшаб, у ерда ўқитувчиларнинг нақадар иззатда эканини кўрдим. Метрода улар учун алоҳида ўриндиқлар, кўчаларда махсус имтиёзли дўконлар ишлайди. Ўқитувчи транспорт чипталари учун навбатда турмайди. Шунинг учун Японияда ўқитувчилар байрами нишонланмайди, улар учун ҳар бир куннинг ўзи байрам.
Бизнинг ўқитувчиларга ҳам шундай эътибор бериладиган кунлар келишини ният қилар эканман, бир фикр қийнайди. Яъни, бизда давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватланиши керак бўлган йўналиш - кейинги йилларда фақат таълим тизими ва педагог бўлиб қоляпти. Натижага келганда эса...
Ёки ҳеч эшитганмисиз, “прокурор, суд, ҳоким ва бошқа амалдорларга эътиборли бўлайлик, артистларни қўллаб-қувватлайлик”, деган гапларни?
Алишер ХОЛБОЕВ.