Ярим йилда Самарқандга қанча сармоя жалб этилди?

Жорий йил вилоятда 3,6 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгиланган.

Давлат инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилнинг 2-чораги якуни билан 1086,9 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 128 фоиз ўсиш таъминланганини билдиради.

Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шероз Собиров матбуот анжуманида вилоятга инвестиция жалб қилинишига оид ҳаракатларни ижобий кўрсаткич сифатида баҳолади. Бундан ташқари, экспорт соҳасига ҳам тўхталиб, ярим йилликда 462,9 миллион доллар қийматидаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, кўзланган режа 142 фоизга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 138 фоизга) бажарилган.

-  Ўтган вақт давомида 480 та корхона томонидан жами 738 турдаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди, - дейди Ш.Собиров. - Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган ҳудудий инвестиция дастурига кўра, 2025 йилда қиймати 1 миллиард 631,6 миллион долларлик 834 та лойиҳа ишга туширилиб, 23,3 мингдан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш белгиланган. Жумладан, 1-ярим йилликда ҳудудий инвестиция дастурига асосан, қиймати 199,2 миллион долларлик 332 та лойиҳа ишга туширилди. Мисол учун, Самарқанд туманида “Маржона Диёр Текстил” МЧЖ негизида замонавий хусусий институт ҳамда савдо комплексини ташкил этиш лойиҳаси доирасида 10,5 миллион доллар ўзлаштирилиб, 200 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, йилнинг биринчи ярмида вилоят ҳокимлигига 56 та давлатдан 170 дан ортиқ хорижий компания вакиллари ташриф буюриб, жами 4,6 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Вилоят расмийлари ва тадбиркорларидан иборат делегациялар шакллантирилиб, 5 та давлатга (Хитой, Малайзия, Индонезия, Қувайт ва Франция) хизмат сафарлари амалга оширилди ва 1,2 милиард долларлик 97 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.