Яхшиларни эсламоқ – савоб
Меҳрини қизғанмаган одам
(Давлат ва жамоат арбоби Турди Насриддиновни ёд этиб)
Бу бағрикенг инсонни ёши улуғларнинг аксарияти талабчан, ҳалол ва ташкилотчи раҳбар сифатида ҳозир ҳам эслашади. Негаки Турди ака қаерда ишламасин, битта шиорга амал қилган: одамлардан меҳрни қизғанмаслик керак, ҳалолликдан чекинмаслик лозим. Бинобарин, бунга ўзим гувоҳ бўлганман…
1979 йилда об-ҳаво пахтачилик учун ниҳоятда оғир келди. Бунинг устига ок¬табр ойи¬да бошланган ёғингарчилик узоқ давом этди. Ўшанда Турди ака Паст Дарғом тумани биринчи раҳбари эдилар, мен туман партия қўмитаси қишлоқ хўжалиги бўлими мудири ва шу билан бирга пахта штабининг бошлиғи эдим.
Хуллас, 1 ноябргача 72 минг 800 тонна пахта топшириб, йиллик режани 95 фоизга уддаладик. Аммо ана шу қолган 5 фоизлик ҳосилни йиғиштириб олиш энг машаққатли иш эди. Сафарбарликда ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, бир кунда 0,12-0,20 фоиздан кўп ҳосил топширолмаймиз. Қанча қийин бўлмасин, 22 ноябрга бориб, режани уддаладик.
Турди ака билан кунига ўн марталаб боғланаман, янги топшириқлар оламан. Шунда у кишига бошқа туманлар каби қарз олиб туриб, режани бажариб қўйиш ва кейинчалик бемалол ҳосилни териб, топшириш таклифлари ҳам бўлган. Лекин биринчи раҳбар бундай таклифларни мутлақо қабул қилмасди.
- Кучимиз етадиган ишни ўзимиз қилайлик. Ёлғонга ўргансак, одамлар нима дейди. Қолаверса, бу йил қилган камчиликларимиздан хулоса чиқарайлик, - деди.
Очиғи, кўпчилик туманнинг биринчи раҳбаридан бундай гапни эшитишга ўрганган, шунинг учун ҳам аксарият раҳбарлар қатъият билан ишлашга ҳаракат қилишарди.
T.Nasriddinov бундай хислатни, табиийки, ота-онасидан – уни 1934 йил 15 августда дунёга келтирган маърифатли кишилардан олган. Нарпайдаги ўзи туғилиб ўсган Дидан қишлоғидаги мактабда, ундан кейин бошқа илм масканларида, ва ниҳоят, туман ёшлар қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаганида ҳам бу хислатлари унга доимо ҳамдам бўлди. Тенгқурларига ибрат кўрсатиш баробарида раҳбарлар назарига тушди. Эҳтимол, шунинг учун 13 йиллик меҳнат стажи билан Нарпай туман ижроия қўмитаси раислигига лойиқ кўрилди. Ундан кейин янги ташкил этилган Пахтачи ҳамда аҳолиси зич жойлашган Хатирчи тумани би¬ринчи раҳбари бўлиб ишлади. Паст Дарғомда эса 9 йил давомида туман аҳлининг қувончу ташвишини баҳам кўриб ишлади. Турди ака маҳаллаларга боришдан эринмасди. Кийиниши ҳам оддий эди. Айниқса, жойларга борганда, деҳқонлар билан эркинроқ суҳбатлашишни ёқтирарди. Шунинг учун туман 1983 йил якунларига кўра, ўша даврдаги иттифоқ Олий совети призидиуми, Министрлар совети ва Касаба уюшмасининг кўчма байроғи билан тақдирланган эди. Ана шу зафар баҳонасида тумандаги жуда кўп деҳқонлар, қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилотлар ходимлари айнан туман партия қўмитаси биринчи котибининг тавсияси билан рағбатлантирилди.
Кўп ўтмай у кишининг ташаббуси билан «Хончорбоғ» ва Шароф Рашидов номли хўжаликлар ҳудудларидан 10 минг гектар янги майдонлар ўзлаштирилди, каналлар қазилди, янги хўжаликлар барпо этилди. Асосийси, ана шу жойларда янги уй-жойлар қурилиб, аҳолининг яхши яшаши учун шароитлар яратилди.
Ҳар бир даврнинг ўз сиёсати, ўз қаҳрамонлари бўлади. Икки йил ичида туманимизда пахта етиштириш ҳажми 80 минг тоннага етказилди. Ана шундан кейин туманнинг биринчи раҳбари нуфузли орден билан тақдирланди. Ундан кейин ҳам Турди ака давлатнинг иккита орденига муносиб кўрилди. 1980 йилда республика Олий совети депутатлигига сайланди. Нафақага чиққанидан сўнг ҳам анча муддат вилоят дончилик бошқармасини бошқарди.
Албатта, Т.Насриддинов ҳалоллиги, қатъиятлилиги, талабчанлиги бошқа раҳбарлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланарди. Шунинг учун ёш иқтидорларга алоҳида эътибор бериларди. Ана шу меҳрибонликлардан баҳраманд бўлган Шавкат Эсонов, Тифли Бобоноров, Холмамат Мустанов, Мирзаёр Худоёров, Мўмин Холов, Азамат Рўзиқулов, Муҳиддин Бекназаров, Мурод Пўлатов, Баҳриддин Ҳамраев, Умбар Маманов, Насаф Нишоновлар пировардида элга таниқли раҳбарлар бўлиб етишдилар.
Турди ака самимий, оддий инсон бўлганлиги туфайли дарвозаси доимо очиқ бўларди. Турмуш ўртоғи Руҳия опа меҳмон кутишдан эринмасди. Улар барча фарзандларини меҳнаткаш, илмли, ҳалол йўлда тарбиялашди. Нодира ўқитувчиликни, Илҳомжон қурилишни танлади. Икромжон эса (жойи жаннатдан бўлсин) узоқ йиллар прокуратура тизимида фаолият кўрсатди.
Жалолиддин Румий ҳазратлари "Ўлимимдан сўнг мени қаро ердан эмас, маърифатли инсонлар қалбидан изланг" деган. Бугун Пахтачи, Хатирчи, Паст Дарғом туманида яшаётган маърифатли одамлардан у киши ҳақидаги эзгу хотираларни эшитгач, алломамизнинг ҳақлигига яна бир карра ишондим. Жума шаҳридаги кўчалардан бирининг ҳам Турди Насриддинов номи билан аталиши қатъият ва ҳалолликка, халққа бўлган меҳрга ана шу халқнинг эҳтироми деб биламан. Умуман, бу инсон эл ўртасида эзгу фазилатнинг тимсолини ярата олди. Агар ҳаёт бўлганида Турди ака 90 ёшга тўлган бўларди. Лекин у кишининг халқ тасаввурида қолган самимий сиймоси, қилган барча яхши ишлари ҳамон биз билан бирга.
Мухтор САТТОРОВ,
меҳнат фахрийси.