“Йил бошида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобидан аҳолига 80 минг гектар майдонни бўлиб бериш бошланди” — Президент

Давлат раҳбари раислигида ўтаётган видеоселекторда экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни каби масалалар муҳокама этилмоқда.

“Кўриб турибсиз – дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бормоқда. Айниқса, маҳсулот етиштирувчи асосий давлатларнинг экспортга чекловлар қўйиши ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.

Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади.

Шу боис, юқоридаги хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиш керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Таъкидланишича, йил бошида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобидан аҳолига 80 минг гектар майдонни бўлиб бериш бошланди.