Йил охирига қадар барча шаҳар, туманларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қиладиган автоматлашган кичик станция ўрнатилади
2023 йил 1 декабрга қадар юртимиздаги туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини амалга ошириш учун 347 та автоматлашган кичик станция ўрнатилади.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу кичик станциялар Экология вазирлиги томонидан тасдиқланган техник талаблар ва ҳудудларга жойлаштириш хариталари асосида Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан ўрнатилади.
Шунингдек, кичик станцияларини жойлаштиришда туман ва шаҳарларнинг географик жойлашуви, иқлимий кўрсаткичлари ҳамда саноатлашуви инобатга олинади.
2024 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатиладиган автоматлашган кичик станциялар маълумотлари ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш орқали визуаллаштирилиб, расмий веб-сайтларда реал вақт режимида мунтазам янгилаб борилади.