Йилнинг ярмида вилоятимиз даромади режадан 122 миллиард сўмга ортди

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда умумий даромадлар прогноз режаси 1 триллион 308,3 миллиард сўм этиб белгиланган бўлса, амалда бу кўрсаткич 1 триллион 431,1 миллиард сўмга, яъни 109 фоизга бажарилди ёки режа 122,8 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Шундан, маҳаллий бюджет бўйича белгиланган даромадлар прогнози режаси 1 триллион 126,7 миллиард сўм бўлса, хақиқатда 1 триллион 316,2 миллиард сўмга (117 фоиз) ёки 189,5 миллиард сўм ортиғи билан ижро этилди.

Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юнус Бобоназаров иштирокида “Маҳаллий бюджетнинг 2021 йил биринчи ярмига мўлжалланган параметрлар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди.
Матахассиснинг билдиришича, фойда солиғи бўйича 28,3 миллиард сўм (режа 76,8 миллиард сўм, тушум 105,2 миллиард сўм)га ёки белгиланган прогнозга нисбатан 134,2 фоизга бажарилган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 31,8 миллиард сўм (режа 433,9 миллиард сўм, тушум 465,6 миллиард сўм)га ёки режа 107 фоизга етказилган. Ресурс солиқлар бўйича 28,8 миллиард сўм (режа 178,2 миллиард сўм, тушум 207,1 миллиард сўм)га ёки режага нисбатан ўсиш 116,3 фоизни ташкил этган.


- Бюджет тушумларини кенгайтириш бўйича молия органлари томонидан жорий йилнинг 1 ярим йиллигида 16 414 ҳолатда 21,6 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари аниқланиб, ҳудудий солиқ идораларига қўшимча даромад манбаларини қамраб олиш бўйича 136 та маълумот киритилган, - дейди Ю.Бобоназаров. - Аниқланган қўшимча даромад манбалари таркибий жиҳатдан ўрганилганда 6136 ҳолатда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар-нотурар ва ер майдонлари бўйича 1,8 миллиард сўм, 5294 ҳолатда тегишли тартибда (ЯТТлар) давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётган фуқаролардан 7,9 миллиард сўм тушум манбалари аниқланди. 243 ҳолатда ноқонуний равишда умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектлардан 2,5 миллиард сўм, 1822 ҳолатда бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан тушумларни тўлиқ қамраб олинмаганли ҳолатларидан 1,1 миллиард сўм қўшимча даромад аниқланди. Бошқа йўналишлар (қурилиш, саноат объектларида ноқонуний ишчиларни легаллаштириш, тегишли тартибда ижара шартномаси тузмасдан фаолият кўрсатиш ва бошқа ҳолатлар) бўйича жами 2 919 ҳолатда 8,3 миллиард сўм қўшимча манбалар аниқланган.


Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, биринчи ярим йилликда вилоятда жами аниқланган 16 414 та қўшимча даромад манбаси ҳолатлар сонидан жами 10 700 таси қамраб олинган. Қамраб олиш даражаси 65,2 фоизни ташкил этмоқда.


Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.