Йирик миқдордаги пиротехника воситалари йўқ қилинди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳукмига мувофиқ, куни кеча шаҳар марказий чиқинди тўкиш полигонида вилоят ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мусодара қилинган қиймати 30 миллион сўмдан зиёд 250 000 дона турли хилдаги пиротехника воситалари махсус комиссия иштирокида йўқ қилинди.
2022 йил давомида вилоят божхона бошқармаси томонидан пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилиб, натижада қиймати 80 миллион 313 минг сўмлик, жами 176 414 дона пиротехника воситасини далилий ашё сифатида ушлаб қолинган.
Эслатиб ўтамиз, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250-1-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.