Йўл-транспортида содир этилган қонун бузилишлар унинг иштирокчилари билан бирга муҳокама этилди

Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида “Жума - йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан бирга «Ўзавтотранс» агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда автокорхоналар раҳбарлари, автобус ва такси ҳайдовчиларидан вакиллар иштирок этди.

Дастлаб бошқарма бошлиғи А.Носиров ўтган ҳафта давомида вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар, юз берган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилига тўхталди.

- Жумладан, ўтаётган ҳафтанинг жума кунида ўтказилган «Автопатруль» рейд-тадбири давомида вилоят ҳудудида 1769 та қоидабузарлик қайд этилди, - дейди А.Носиров. - Шундан, 813 таси қўпол тарзда, 92 таси спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолатда, 53 таси тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, 248 таси одам ташиш ва 74 таси қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 3 таси бошқарув пайтида телефондан фойдаланиш ва 274 таси йўл белгиларига риоя қилмаслик қоидабузарликларидир. Ушбу қоидабузарликлар бўйича айбдор шахсларга қонуний чоралар кўрилди, 171 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

Шундан сўнг ҳафта давомида Самарқанд шаҳрида содир бўлган йўл-транспортидаги қоидабузарликларнинг айрим ҳолатлари акс этган видеороликлар намойиш этилди. Унда ҳар бир ҳолат мутахассис, мутасадди ҳамда ушбу қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар томонидан кўриб чиқилди ва таҳлил қилинди.

Таъкидландики, гарчи 2018 йилда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларда 1214 маротаба профилактик суҳбат ва учрашувлар, “Ўзавтотранс” агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 882 марта рейд ва назорат тадбирлари ўтказилиб, 6768 та ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автоулов бошқарувчиларига, 1684 бор автобусни бошқаришда қўпол қоидабузарлик содир қилган ҳайдовчига нисбатан қонуний чоралар кўрилган бўлса-да, уларнинг йўлларда ҳаракатланишида кутилган натижа бўлмаяпти. Бу эса йўловчи, шахсий автомобиль эгаларининг ҳақли эътирозига, қолаверса Самарқанд шаҳрига ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар ва турли халқаро ташкилот вакилларида салбий фикр уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилиш давомида қоидабузар ҳайдовчиларга зарур кўрсатмалар берилди, транспорт воситаларини кундалик техник, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишга жиддий эътибор қаратиш, носоз ва талабга жавоб бермайдиган йўловчи ташувчи транспорт воситаларидан фойдаланмаслик бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, йўловчи ташувчи автобус ва таксиларни тозалиги ҳамда ҳайдовчиларнинг ташқи кўринишига алоҳида эътибор қаратиш, йўловчи ташиш ва мулоқотга киришишда уларгат нисбатан маданиятли бўлишлари уқтирилди.

Равшан НАМОЗОВ,

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи раҳбари.