Ёлғон дўппи, қалбаки чопон, сохта “миллий либос”

Мен ҳам теран илмий мақолалар ёзсам, тадқиқотлар қилсам дейман. Бироқ ижтимоий турмушимизда шундай долзарб масалалар борки, уларни бир четга суриб, беш-ўн китоб ва интернет манбалари асосида “Бўри тишига сулфат кислотасининг таъсири” каби ҳеч кимга кераги йўқ, биров қизиқмайдиган мавзуларда қалам тебратиш мавриди эмас, дея ўзимга муҳим бўлиб кўринган мавзуларга бурилиб кетаман. Мана, шулардан бири.

Яқинда курсдош дўстларни йўқлаб Ургутга бордим. Аввало дийдор, қолаверса, шу баҳона Ургутнинг машҳур бозорини ҳам айланишни ўйлагандим. Чопоннинг яхшиси, дўппининг зўри Ургутда бўлишини эшитиб, сотиб олиб бир кияй-чи, сабил қоладиган бу дунёда, деб ният қилган эдим.

Сафаримизнинг эртаси бозорни ораладик. Эҳ-ҳе, нариги четига юриб-юриб ета олмайсиз, буюмларни кўриб-кўриб улгуролмайсиз. Шунақа катта! “Гўрўғли” достонидаги Равшанхон каби “Қалпоқ бозори қайдадир?” дея сўраб-сўраб жойини ҳам топдик. Мана, ўша машҳур дўппи бозор, ёнида донғи чиққан тўн бозори!

Юзлаб ҳунармандлар ёйиб ташлашибди дўппини. Ўзлари ҳам кўзкўрарга бошга қўндириб олишган. Чопон дегани-ку уюм-уюм, Хитойдан юк ташийдиган баҳайбат “фура”лар бор-ку, ана ўшаларга босиб олиб кетсангиз ҳам тугамайди. Ранг-баранг, хилма-хил!

Роса айландик. Сотувчилар ҳам теграмизда роса айланишди.

Аммо... дўппи ҳам сотиб ололмай, чопон ҳам харид қилолмай, бўш қўл билан, бўшашибгина чиқиб кетдик. Нимага денг?

Одам киядиган эмас, кийса бадани яйрайдиган эмас бу матоҳлар! Бари ёлғон дўппи, қалбаки чопон, сохта “миллий либослар” бўлиб чиқди.

Тўннинг авраси ҳам, астари ҳам Хитойнинг синтетик газламаси десак, унинг ичи – орага пахта эмас, “губка” солиб қавилар экан, яъни юз фоиз кимёвий чопон. Ҳаттоки “қавилган” деганим ҳам хато, қавиқ ҳам чеварнинг қўлидан чиқмас, машинада тикиларкан! Бунақа тўнни тонг саҳарда кийсангиз – совқоттиради, пешин кийсангиз – қиздириб, сув-сув терлатади. Касал бўлмоқчи бўлсангиз, сотиб олинг-да, кияверинг. Одамдан маникеннинг фарқи қанча бўлса, ҳақиқий тўн билан бу “чапан” орасидаги тафовут шунча.

Дўппилар-чи?

Бунда ҳам ўша гап. Бола чоғимизда онамиз дўппи тикканлари ёдимга тушди: ингичка пўлат сим гирдига оппоқ қоғоз тасмачаси бураб ўралар, тасмалар ўша сим билан дўппи кизагидаги ораси бир миллиметр келиб-келмайдиган қатор қавиқлар ичига киритилар, сим тескари бураб чиқариб олингач, бояги қоғоз ўша жойида қоларди. Ҳозирги “дўппи”ларда эса қоғоз йўқ, бахялар расига балиқ тутадиган “леска” шнур бор-ку, ўша шундоқ киритиб қўя қолинаркан. Демак, бу дўппининг ҳамма ёғи синтетика. Ичи-ю сирти, ҳатто ўртаси ҳам – фанердан ясалгандай қаттиқ, чертсангиз тақиллайди. Устига бир чойнак чой қўйинг, қилт этмай кўтариб тураверади. Аммо бу “дўппи”ни бош кўтара олмайди, кўп кийган одам хасталаниб қолиши турган гап. Тепаси ва ёнидаги ипак гулларни ҳам, компьютерли автомат “стандарт” қилиб бир лаҳзада тикиб ташлаган.

Илгари ҳар бир ўзбек йигити ўз бошида бир санъат асарини кўтариб юрарди – дўппидўз аёл оппоқ ипак қатимини юз-юзлаб марта чатиб, тепадаги “қалампир” ва кизак теварагидаги “мўнчоқ” нақшларни тагликка тиккан, яъни ҳар бир дўппининг ҳар бир нуқтаси қўлдан ўтиб, санъат асарига айланган. Шу сабабли ҳатто бирон жувоннинг кетма-кет тиккан иккита дўпписи ҳам бир-бирига тўлиқ ўхшамас эди. Қолаверса, ҳар бир вилоятнинг, ҳатто ҳар бир туманнинг ўз дўпписи бўларди: Андижон дўпписи, Марғилон дўпписи, Қўқон дўпписи, Ўш дўпписи, Чуст дўпписи, Самарқанд дўпписи... Болаларнинг таглиги яшил ё кўк тусли, гуллари алвон дўппилари, катталарнинг қора тагликка оппоқ ипак билан нақш солинган дўппилари...

Манов дўппиларнинг гули эса обдон чиройли, аммо ҳамма дўппи бир хил гулли – “конвейер”дан чиққан-да. Уларни санъат асари деб бўладими?

Бир маҳаллар “социалистик реализм”га мувофиқ ёзилган бадиий асарлар шаклан миллий, мазмунан социалистик бўлади, деб ўқитишарди. Ҳа, бу догмалар ҳозир аллақайси пучмоқларда қолиб кетди. Бироқ манов “ўзбек чопони”, “ўзбек дўпписи”га қарасанг, ўша таъриф беихтиёр ёдга тушади. Чунки булар ҳам шаклан – “миллий”, мазмунан эса... ҳечдир. Уларни “ўзбек либоси” деган киши янглишади.

Совет замони миллий ҳунармандчилигимизни барбод қилишга обдон уринган эди. Шойи тўқувчилар, чеварлар, ковушдўзлар, бешикчилар, кулоллар, гиламдўзлар... ҳаммаси таъқиб қилинарди. Одамлар уйидаги бирон хона ичида яширин хона қурволиб, ўша нимқоронғи, зах жойда атлас тўқирди. Худди жиноятчи каби яширинча сотар эди. Дўппифурушларни мелиса ушлар, маҳсидўзларга кун бермас эди.

Беқасам чопонлар, банорас тўнлар паторат топди. Кўкқарға шойи белбоғлар гирдига арабча ёзувда келиштириб байт ё оят битадиган қиз-жувонлар бу ишини ташлаб, “фабрикани йўлида рўмолча топиб оладиган” бўлишди. Одамлар пальто кийишга ўтди, кимнингдир эгнида тўн кўрсак, азадор экан, дейдиган бўлиб қолдик.

Истиқлол миллий санъатга, ҳунармандликка катта йўл очди. Уни кенгайтиришни, тараққий эттиришни тақозо этди. Ҳукуматимиз қарийб чорак асрдан бери миллий ҳунармандчилик ривожи учун кўп чоралар кўрди. Ҳунар аҳлига бериладиган имтиёзлар йил сайин кўпайтириляпти, бу ўринда уларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб тугатолмаймиз.

Ҳатто ўша истибдод замонида ҳам бир амаллаб жон сақлаган ўзбек ҳунармандчилиги нима сабабдан бугун паторат топяпти? Нега тобора юпқалашиб, хира тортиб, омонат нарсага айланиб қоляпти ўзбеклигимиз?

Ҳамма айбни “олабўжи глобаллашув”га, бозор иқтисодиётига тўнкаб осонгина жавоб топиб қўя қолиш қийинмас. Чунки бундан ҳеч ким хафа бўлмайди. Бироқ бизнингча, бунинг катта бир сабаби уста ва устазодаларга енгиллик, имтиёз бериш баробарида улардан иш сифатини унча талаб қилмаётганимиз, санъат ўрнига саноатни пеш тутаётганликларига парво қилмаётганимиз, қўл ҳунарини барбод этаётганликларини кўриб туриб, бундан кўз юмаётганимиздир?

Ҳунарманд биродарларимиз бу имтиёзларни шунчаки “енгиллик” деб эмас, балки ўз санъатларини, ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга даъват, инъом деб билсалар яхши бўлар эди. Шундай тушунаётганлар ҳам йўқ эмас, бор. Масалан, кулол усталарнинг сопол лаган ва офтобаларига қараб кўз қувнайди, миллий пичоқчилик янада равнақ топяпти.

Аммо баъзи ҳунармандлар ўз маҳсулотларини киши соғлиғига зиён етказадиган материалдан ясаб ёки шундай нарсаларни қўшиб тайёрлашига индамай қараб туриш ўшандай қилвириликларга янада каттароқ йўл очиб беради. Ўта қалин, этаги ерда судраладиган, авра-астари сунъий матодан бўлган чопонни ким кийиб кўчада юра олади, дейсиз? Бундай чопон ё дўппигина эмас, бешикларнинг локли бўёқ билан бўялиши, тувак ва сумакларни пластмассадан ясаш, мурғак гўдак ётадиган кўрпача ва уни ўраб турадиган гаҳвораларни сунъий матолардан тикиш каби сирти ялтир-юлтир, лекин бола сиҳатига зарари нақд қаллобликлар бор. Улар болани ортиқча терлатади, терини шиммайди, оқибатда тез шамоллайдиган қилиб қўяди. Бунақа учар-махсум косибларнинг асосий мақсади ҳунар эмас, унар – пул топиш бўлиб қолган. Қандайин бўлса-да.

Ўшанақа маҳсулотларни “миллий ҳунармандчилик намунаси” деб бўладими? Менимча, йўқ.

Уларни бартараф этиш учун бозорда биров-ярим косибни инсофга чақириш ёки битта-яримта мақола ёзиб, айблаб ўтириш кифоя эмас. Фойдаси йўқ. Бирдан бир чораси – ўшандай нобоп маҳсулот чиқарган “уста”лар ишини рағбатлантирмаслик. Яъни, ўзбек ҳунармандчилигида сунъий ва синтетик ашёлардан нарса тайёрланмаслигидан келиб чиқиб, ундай моллар киши соғлиғига зиён етказишини ҳисобга олиб, қаллоб ҳунармандларга энг қулай солиқ имтиёзларини жорий этишни тўхтатиш керак. Бу чора миллий ҳунармандчилигимизнинг равнақига зиён эмас, наф келтиради.

Банорас, қора ва кўк сатин, беқасам, абрашим ишлаб чиқаришни яна йўлга қўйсак, уларнинг турларини кўпайтирсак, ишонинг, одамлар яна қулай, юмшоқ, чиройли чопон кийишга ўтади, баҳордан то кузгача бошдан дўппи тушмайди. Шамолламай, соғлиқлари яхшиланади.

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов “Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор чиқарди (Самарқандда вилоят ҳокими ҳам шу мазмунда қарор қабул қилди - Таҳририят). Бу қарорда жумладан, давлат идораларининг ходимлари ҳафтанинг бир кунида миллий кийимда бўлишлари белгиланган. Ҳарна-да.

Ўзбекман деганки одам буни алқаши керак. Ўзлигимизга қайтаётганимиздан бир нишона, қутлуғ мужда бу! Бироқ уни ҳисобот бериб қутулиш керак бўладиган яна бир “тадбир”га, ишхонадаги стол тортмасига буклаб солиб қўйиладиган битта дўппи ё бир дурра билан “бажардикми-бажардик” кампаниясига айлантириш керак эмас.

Ўз миллий либосидан воз кечган эл ичида манқурт кўпаяди. Манқурт “замонавий одам” бўлиб кўринади ҳаммага. Ўшалар касрига халқ ўзлигидан воз кеча-кеча, миллат сифатида йўқолиб кетишга ўзини маҳкум қилади.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ.

(“Jadid” газетасининг 2025 йил 14 февраль, 7-сонидан олинди).