Ёш ишчи-ходимлар “Заковат”да беллашди

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд ва Жиззах вилоят кенгаши тизимига кирувчи тармоқ корхона ҳамда ташкилотларида фаолият кўрсатиб келаётган ишчи-ходимлардан ташкил топган беш жамоа ўзаро баҳс олиб борди.

Тадбир аввалида вилоят кенгаши раиси С.Рафиқов иштирокчиларга омад тилаб, бу каби билим беллашувларини ўтказиш орқали ишчанлик қобилиятини янада оширишга эришиш муқаррарлигини таъкидлади. 

Интеллектуал ўйинида “Самарқанд автомобиль заводи” корхонасининг иккита жамоаси, “ЭлХолдинг ИИЧБ” МЧЖ, Жомбой туманидаги “Uz Truck and Bus Motors” МЧЖ каби жамоалар иштирокчилари ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.

- Ҳудудларда иккинчи бор ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинига асосан ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият кўрсатаётган ёш ишчи-ходимларни жалб этиб келмоқдамиз, - дейди Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши бўлим бош мутахассиси Дилдора Алимова. – Кенгашимизга республика бўйича 92 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимни бирлаштирганмиз. Бу каби беллашувга кўпроқ ёшларни жалб этиб келяпмиз. Бундан мақсадимиз оғир саноатдаги ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиб келаётган ёшларни билим ва кўникмасини ошириш, уларни ишчанлигини таъминлашдан иборат. Энг муҳими, тадбиримиз натижасида уларнинг қобилиятлари янада намоён бўлиб, янги қирралари рўёбга чиқмоқда. Баҳсимизнинг саралаш босқичи март ойида корхоналарда бўлиб ўтган бўлса, республика босқичи май ойида ўтказилади. Унда вилоятлардан ғолиб бўлган жамоалар ўзаро билимларини синовдан ўтказади.   

       

Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, “Самарқанд автомобил заводи” жамоаси барча берилган саволларга тезкор ва аниқ жавоб қайтариб биринчи ўринни эгаллади ҳамда республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, ғолиб жамоага Хоразм вилоятига уч кунлик бепул саёҳат сертификати топширилди.

Ҳусан Элтоев.