Ёш кимёгарлар Самарқанд билан танишди
Президент таълим муассасасалари агентлиги томонидан ташкил этилаётган 56-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси иштирокчилари Самарқанд шаҳрида бўлиб, юртимиз тарихи, халқимизнинг бой маданий мероси билан танишди.
– Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси юртимизда учинчи бор ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари Ортиқбой Эшонқулов. – Бу галги олимпиадада йигирмага яқин давлатдан салкам 100 нафар ўқувчилар ўз билимларини синаб кўрмоқда. Жумладан, Австрия, БАА, Исроил, Туркия, Сурия давлатларининг ўқувчилари илк бор иштирок этмоқда. Олимпиада дастуридан ўрин олган маданий тадбирлар ўқувчиларга бир олам завқ улашади. Бевосита жамоамиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, шу кунгача жамоамиз аъзолари мазкур олимпиаданинг 8 та олтин, 35 та кумуш, 41 та бронза медалини қўлга киритган. Жорий йил ҳам 12 нафар ўқувчимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Иштирокчилар дастлаб Амир Темур мақбарасида бўлиб, темурийлар даври тарихи, ўша давр илм-фани, маданий алоқалари ҳақидаги муҳим маълумотларга эга бўлишди.
– Шуни фахр билан айтаманки, Ўзбекистонда учинчи марта ўтказилаётган Халқаро Менделеев олимпиадасида ҳам иштирок этиш насиб этди, – дейди олимпиада ҳаками, қозоғистонлик Владимир Шварцман. – Юртингизга бир келган киши яна қайта келиш орзуси билан яшайди. Мен ҳар гал Ўзбекистонга келганимда очиқ чеҳра инсонларини кўриб ўзгача куч, руҳий озуқа оламан. Айниқса, Самарқандга келганимда ўзимни руҳан тетик ҳис этаман. Буюк инсонларга бешик бўлган бу замин ҳар томонлама инсонни ўзига тортади. Шу боис, ёш кимёгарлар олимпиада доирасида Самарқанд билан таништирилмоқда.
Ташриф давомида иштирокчилар Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мақбараси ҳамда Шоҳи Зинда мажмуаларида бўлди.
– Ўзбекистонда ўтаётган халқаро олимпиадада қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди исроиллик иштирокчи Талл Сасон. – Олимпиадада берилган вазифалар жуда қийин, аммо биз мароқ билан бажаряпмиз. Ташкилий ишлар жуда пухта, мазмунли уюштирилган. Биз фақатгина баҳслашиш билан эмас, маданий тадбирларда қатнашиб тенгдошларимиз билан танишиб, дўстлашяпмиз. Қолаверса, Ўзбекистон билан танишяпмиз. Дастлаб Тошкентнинг диққатга сазовор жойларида бўлдик. Бугун дунёга машҳур Самарқанддамиз. Тарихий обидалар, гўзал табиат ўзига хос таассурот қолдирмоқда.
Халқаро 56-Менделеев олимпиадаси 16 майгача давом этади.
А.Исроилов.