Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёшлар ишлари агентлиги Пахтачи ва Тойлоқ туман бўлими раҳбарларига интизомий жазо чоралари қўлланилди

Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган тадбирда бошқарма томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида йилнинг ўтган 3 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва  келгусида режалаштирилган вазифалар хусусида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, вилоятдаги мавжуд 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 712 минг нафарга яқин йигит-қизлар орасида хатлов ўтказилиб, 654 минг 562  нафари ҳақида анкета сўровномалари тўлдирилди. Улар орасидан ишсизлик ва бошқа муаммолар қийнаб келаётган 107 минг 976 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилди. Ҳозирда уларнинг 17 минг 268 нафарининг таклиф ва муаммоларига ечим топилган. 66 минг 55 нафар ёш эса daftar.mehnat.uz электрон платформаси рўйхатига киритилди.

- “Ёшлар дафтари”ни шакллантиришда ҳар бир туман ва шаҳарда махсус ишчи гуруҳлар тузилди, - дейди Ҳ.Тўхтаев. – Ҳеч бир ёш эътибордан четда қолиб кетмаслиги, ҳар бир ҳудуд бўйича муаммоси мавжуд ёш рўйхатга киритилиши ва уларнинг масалаларига ечим топиш қатъий назоратга олинди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган Ёшлар ишлари агентлиги Пахтачи ва Тойлоқ туман бўлимлари бошлиқларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Вилоятнинг 64 ҳудудида ўтказилган “Сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви”да келиб тушган мурожаатларнинг 10 минг 82 таси ижобий ҳал этилди.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси вилоят филиали томонидан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва истиқболли режалар асосида шахсий бизнесни ташкил этишига кўмаклашиш учун ўқув машғулотлари ташкил этилди. Шу йилнинг 3 март куни илк бор курсни тамомлаган 20 нафар ёшга махсус сертификатлар топширилди. Уларга “Микрокредитбанк” томонидан 3 йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган 14 фоизлик имтиёзли кредитлар молиялаштирилмоқда.

Тўлқин Сиддиқов.