Ёшлардан жиноят эмас, эзгу ташаббуслар кутамиз

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг кўпайиб бораётгани аччиқ ҳақиқат. Айрим ҳудудларда бу турдаги жиноятлар умумий жиноятларнинг 25 фоизигача етмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 189 тага ошган. Жиноятларнинг 13 таси хотин-қизлар томонидан, 26 таси олий таълим муассасалари талабалари томонидан ҳамда 169 таси бандлиги таъминланган, турли корхона ва ташкилотларда ишловчи ёшлар томонидан содир этилганлиги аянчли ҳолат деб баҳоланди.

Вилоят ҳокимлигида видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилишда ушбу масала мутасаддилар ва ёшлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов аввало ёшларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишига сабаб бўладиган ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, ёшларнинг ишсиз ёки бирор бир фойдали машғулот билан банд эмаслиги, эътиборга муҳтожлиги, ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги кўп ҳолларда уларнинг нотўғри йўлларга кириб кетишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги айтилди.

Муҳокамада ёшлар ўртасида жиноятчиликларнинг олдини олиш ва уларни кескин камайтириш бўйича секторларда олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Бу борада Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур ва Жомбой туманлари сектор раҳбарлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга олиб бораётган ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилиб, сектор раҳбарлари огоҳлантирилди.

– Ёшлар – келажагимиз, эртамиз эгалари, деган гапни кўп айтамиз, лекин ҳамма ҳам бунинг моҳиятини англамайди, – деди вилоят ҳокими йиғилиш якунида. – Келажагимизнинг қандай бўлиши ёшларга эмас, сизу биз, катталарга боғлиқ. Уларга тўғри таълим-тарбия бериб, эзгу ишларга йўналтирсак, орзу-мақсадларига эришишлари учун шароит яратсак, қўллаб-қувватласак эртанги кунимиз ёруғ бўлишини таъминлаган бўламиз.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.