Youtube‘даги 8 ёшли боланинг видео мурожаати Сенат қўмитаси томонидан ўрганилди (видео)

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 2020 йил 23 февраль куни 8 ёшли Муҳаммадали Султоновнинг Youtube тармоғи орқали йўллаган видео мурожаати жойнинг ўзига бориб ўрганилди.

Қўмита аъзоси, сенатор Санобар Суярова боланинг уйига шахсан бориб, вазият билан атрофлича танишди.

Маълум бўлишича, Муҳаммадали Султонов Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, Ёшлик маҳалласи, 2-ётоқхона, 10-хонада бувиси Ҳусния Салоҳиддинова билан истиқомат қилиб келмоқда. Бола 7 ойлигидан буён унинг онаси Азиза Салоҳиддинова Россия Федерациясида истиқомат қилади. Муҳаммадали Жиззах шаҳар хусусий мактабининг 2-синфида тўлов асосида ўқийди.

Бувисининг сўзларига кўра, 2016 йилда Жиззах шаҳар ҳокимлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходими Алишер исмли шахс, ўз уйини Ҳ.Салоҳиддиновага сотиш важи билан улардан 4 минг доллар ва 2 миллион сўм пулини алдов йўли билан олиб, ишидан ҳам бўшаб, қочиб кетган. Шундан сўнг бувиси Алишерни судга берган. Суд қарори билан Алишер айбдор деб топилган ҳамда  пулларни қайтариш бўйича тилхат ёзиб берган.

Суд қароридан сўнг боланинг бувисига нисбатан турли таҳдидлар бошланган. Хусусан, 2020 йил 10 январь куни у номаълум шахслар томонидан тиббий кўрикдан ўтиш баҳонасида руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетилган, руҳий касал эканлиги баҳонасида 3 соат ушлаб турилган. Бироқ текширувдан сўнг унинг ақлий ва руҳий жиҳатдан соғлом эканлиги исботланиб, уйига қайтариб юборилган. Ўша кундан буён Муҳаммадали бувисини руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетилиши мумкинлигидан қўрқиб, мактабга бормаётганлиги аниқланди.

Ушбу масала сенатор томонидан, шаҳар ҳокими билан атрофлича муҳокама қилинган. Натижада, маблағни ундириш бўйича Мажбурий ижро бюросига кўрсатма берилган. Ўрнатилган тартибда Ҳ.Салоҳиддиновага моддий ёрдам кўрсатиш масаласи ўрганиладиган бўлди. Шунингдек, сенатор Санобар Суярова Муҳаммадали ўқиётган мактаб директори билан гаплашиб, унинг бепул таълим олишга эришди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати маълум қилди.