Ёз чилласида жазирамадан қандай ҳимояланиш мумкин?
25 июндан 3 августгача бўлган қирқ кунлик давр, халқ анъаналарига кўра, «чилла» ёки «саратон» деб аталади, бу форс тилида «қирқ кун» деган маънони англатади. «Чилла» — Ўзбекистон иқлимининг ажралмас қисми.
25-29 июн кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши сабабли максимал ҳаво ҳарорати 40-42° гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45° гача кўтарилади.
Ўзбекистон гидрометеорология хизмати аҳолига ҳозирги жазирама иссиқдан қандай ҳимояланиш бўйича тавсияларини берди.
Қуёшда узоқ вақт қолмасликка ҳаракат қилинг, айниқса, куннинг ўртасида. Агар бунинг имкони бўлмаса, танани ва бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг.
Кўп суюқлик ичинг, музлатгичдан музли ичимликлар эмас, балки илиқ сув ёки энг яхшиси кўк чой ичинг.
Кўпроқ мева, сабзавотларни истеъмол қилинг. Жуда аччиқ ва ёғли овқатларни иcтеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг. Совитиш мосламалари билан жиҳозланмаган дўконлардан маҳсулотларни харид қилманг — улар қуёшда қанча вақт бўлганини билмайсизку?..
Кондиционерли хонада бўлганингизда, тўғридан-тўғри совуқ ҳаво оқими тагида ўтирманг ва кондиционерни 18 даражадан паст бўлмаган ҳароратга «дастурланг».
Юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар дори-дармонларни қабул қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашишлари керак.