«Юксалиш» Самарқандда давлат дастури ижросини ўрганди
Самарқандда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати аъзоларидан иборат бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари Самарқандда қурилаётган турли объектлар, қурилиши тугалланган биноларни кўздан кечирди.
- Шаҳарда инвестиция дастури асосида барпо этилаётган "Family Park" савдо ва кўнгилочар маркази, "IT Park", касб-ҳунар мактаби, арзон уй-жойлар қурилиши билан танишиб чиқдик, - дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. - Шунингдек, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши фаолиятини ўргандик, янги барпо этилган ННТлар уйини кўздан кечирдик. Айтиш керакки, биз доимий равишда Давлат дастурлари ижроси юзасидан мониторинг олиб борамиз. Ушбу мониторинг давомида дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаётгани сабаблари ўрганилиб, тегишли органларга бу ҳақда хабар берилади.
Шундан сўнг «Ўзбекистонда ислоҳотларни самарали амалга оширишда кенг жамоатчиликни жалб қилиш» мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, ННТлар вакиллари, фаол ёшлар иштирок этди.
Анжуманда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни олиб боришда иштирокчиларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Вилоятдаги ННТ вакиллари, ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотлари учун грант лойиҳаларининг давомийлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг дахлдорлигини таъминлаш каби таклифлар билдирилди.
Г.Комилова.