ЮНЕСКО талабларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади
2022 йилда Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Бугун мазкур сиёсий анжуманга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Самарқанд шаҳрини 2019-2022 йилларда жадал ривожлантириш штабида ушбу йирик тадбирга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Қурилиш, ободонлаштириш, коммунал соҳа идоралари ҳамда соҳага алоқадор корхона-ташкилот раҳбар ва мутасадди ходимлари иштирок этган тадбирда ҳафтанинг ҳар якшанбаси шаҳардаги муаммоларни муҳокама қилиш, жамоатчилик кенгашлари, жисмоний ва юридик шахслар учун қабуллар ташкил этиш таклифи билдирилди.
Энди Самарқанд шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган турар ва нотурар жойларни тартибга келтириш, бино, иншоот ва коммуникация тизимларини қайта қуриш, янги қурилишлар, ободонлаштириш ишларини бажариш, шунингдек, газ, сув, электр энергияси таъминоти ва канализация масалаларидаги ҳар қандай муаммо тезкорлик билан ҳал этиб борилади.
Шунингдек, йиғилишда жамоатчилик кенгашлари, қабулларда ЮНЕСКО талабларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари лойиҳаларини тайёрлашда муҳандислик ва коммунал соҳа мутахассисларини жалб этиш, халқ муҳокамасига қўйиш ва мутасадди идораларга тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Каримберди ТЎРАМУРОДОВ.