«Юқори нуқта»да “опий” гиёҳвандлик моддаси фош этилди
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ва божхона ходимларини жалб қилган ҳолда Булунғур тумани ҳудудидаги «Юқори нуқта» йўл-патруль хизмати масканида оператив тадбир ўтказди.
Тадбир давомида давлат рақами 30 474 QAA бўлган «Кобальт» русумли автомашинада ҳаракатланиб келаётган 1974 йилда Иштихон туманида туғилган С.А. тўхтатилиб, машина холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Текширув давомида С.А.нинг ёнида 23 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси, автомашинада 200 АҚШ доллари ва 4 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пуллар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Маълум бўлишича, С.А. Тошкент шаҳрида яшовчи жиноий шерикларига наркотик моддаси етказиб беришни режалаштирган.
Ушбу ҳолат бўйича бошқарма тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246- (контрабанда) ва 273-моддалари (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.