Заҳириддин Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон. Миллатнинг бу икки буюк фарзандини бир-бирига душман танитиш кимга керак?

Ўтган асрда тарихимизни қайта ёзган мустамлакачилар бизга буюк аждодларимизни қай йўсинда танитган бўлса, афсуски, ҳали-ҳануз улар ёзган тарихни ўқишда давом этяпмиз.

Мустақил бўлганимизга биз қисқа вақт дейишни хуш кўрсак-да, бугунги шиддатли давр учун катта муддат – ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди. Ваҳоланки, неча минг йиллик тарихимизни бутунлай тескари ағдариб бериш учун мустамлакачиларга айни шунча вақт етиб ортди. Ўтмишимизни қора бўёқларда бойитди, миллатнинг асл фарзанд­ларини босқинчи дея танитди.  

Хусусан, икки буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон муносабатлари ҳақидаги биргина тарихий ҳодиса буни яққол очиқлайди. Албатта, ўтмишда бутунлай саводсиз бўлган миллат эканимизни “исботлаб берган” тарихнавислар учун бу иш қийин бўлмади. Бу икки саркарда ўртасидаги кам сонли зиддиятларни муболағалаб, бирида қаҳрамонлик ва дилбарликни бўрттирар экан, бирида жоҳил босқинчи, золим султон образини яратди.

Аслида уларни мамлакатдаги сиёсий ҳаёт бир-бирига рақиб қилди. Мовароуннаҳрда шайбонийларнинг ҳукуматга келиши темурий шаҳзодаларнинг ўзаро урушларга киришиб кетиши, ҳукуматда парокандалик авж олиши билан боғлиқ эди. Бундай ҳолатда янги куч, янги бир сулола вужудга келиши табиий жараён. Шайбонийхон темурийлар ҳукмронлиги остида бўлган Туркистон, Турон заминининг фарзанди, ҳар жабҳада илмли, шижоатли, шу мамлакат тахтига лойиқ саркарда эди. Уни бизга босқинчи деб таништириш асл босқинчининг ўз кирдикорларини хаспўшлашдан бошқа нарса эмасди.

Мирзо Бобурнинг “Бобурнома” асари у ва Шайбонийхон муносабатларини тўлақонли очиб беради. Асарда бобоси Амир Темурнинг тахтига муносиб ворис эканини таъкидлаган ва бунинг учун қилган саъй-ҳаракатларини, бошқа темурий шаҳзода ҳамда Шайбонийхоннинг ҳукуматга келишини Бобур тахт учун ички курашлар сифатида баҳолайди. Шу ўринда шайбонийлар билан ўзаро ҳурмат ва тенг муносабат, ҳатто керак ўринда қариндошлик алоқалари ҳақида маълумот беради. Кейинчалик Бобур ва унинг авлодлари ҳиндда ҳукмронлик қилар экан, шайбонийлар билан яхши қўшничилик муносабатларини олиб боради. Мовароуннаҳрдан борган олимлар, саркардалар ва элчиларни қадрлайди, уларга ишонч билдиради, ҳатто шайбонийларга жуда яқин бўлган сарой кишиларига ҳам. Биз учун битилган тарихларда эса буларнинг барига кўз юмилади.   

Бобомиз Муҳаммад Бобур етук саркарда, давлат арбоби ва шоир. Аммо буни айни шундай номларга муносиб бўлган аждодимиз Муҳаммад Шайбонийхон шахсига зарра қадар соя солмай қадрлашимиз, улуғлашимиз, ўрганишимиз лозим. Бизга тарих ёзиб берганлар миллатимизнинг миллионлаб зиёлиларини қатағон қилган ҳукмдорларини бугун дунёга қаҳрамон кўрсатаётган ва яна мустамлака қумсаётган бир пайтда улар ёзиб берган тарихни ёдлашимиз, келгуси авлодларга ҳам уни шу кўй хатоликлар билан етказишимиз, уларнинг бугунги мақсадлари тегирмонига сув қуйиш билан баробар.

Ўтмишимиз ҳақидаги ёлғон тарихни ўқир эканмиз, бугун баъзан маънавий, маърифий, миллий ва сиёсий хулосаларимиз қуллик занжирини узолмаганлигимизни кўрсатади.

Бугун тарихчи олимларимиз олдида турган масъулият шундаки, аждодларимиз ҳақида ғараз манфаатларга ишловчи, ҳақиқатдан йироқ, сохта маълумотларни сиздирувчи манбалардан воз кечиш, хусусан, Шайбонийхон шахси, шайбонийларнинг ўзбек давлатчилигида тутган мавқеи, унинг ютуқларини тарихий далиллар билан ўз ўрнига қўйишдир. Шайбонийхоннинг саркардалик истеъдоди очиқланар экан, ўз-ўзидан Бобур шахси янада йириклашади. Шунчаки, тақвимда бир кунни белгилаб, уни нишонлаш билан тарих яратиб, ундан ибрат олиб бўлмайди.

Сулаймон Мардиев.