Замонавий бошқарувда муносиб кадрлар керак
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари Рустам ҚОБИЛОВ билан суҳбат.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий филиалининг мақсад ва вазифалари нимадан иборат?
- 2019 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4472-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида юртимизда давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган орган - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Мамлакатимизда ушбу органни ташкил этилишига эҳтиёж сезиларли даражада баланд эди. Зеро, 2017 йил Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида “Давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш зарур” деб таъкидлаб ўтилган эди.
Ўтган давр мобайнида агентликнинг барча ҳудудларда филиаллари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ҳамда ходимларига ушбу агентликнинг мазмун-моҳияти ва вазифалари тушунтирилиб борилмоқда, кадрлар тизимига янги атама ва тушунчалар кириб кела бошлади. Хусусан, давлат фуқаролик хизмати, меритократия тамойили, “карьера модели”, KPI – “энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари” каби тушунчалар раҳбарлар ўртасида оммалаша бошлади. Аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар орасида давлат хизматининг нуфузини ошириш, уларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиали томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона базасини яратиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
- Агентликнинг ҳудудий филиали ўз фаолияти давомида вилоятдаги 90 дан зиёд давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш юритиб, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш борасида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жами 46 та давлат ташкилоти ва 17 та маҳаллий ҳокимликларда фаолият юритиб келаётган 7245 нафар давлат фуқаролик хизатчилари тўғрисидаги ягона маълумотлар базаси, вилоятнинг давлат фуқаролик хизматчилари бўйича паспорти яратилди. Ушбу паспортда ташкилотлардаги барча раҳбар ва ходимлар тўғрисидаги умумий маълумотлар жамланди.
- Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кадрлар хизмати раҳбарларининг лавозимга тайинланиш жараёнларини агентлик филиали билан келишиш амалиёти қай тартибда йўлга қўйилган?
- Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларига кадрлар билан ишлашга масъул ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишда агентлик филиали билан келишилишини таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда жами 25 та давлат идора ва ташкилотларнинг кадрлар бўлимлари раҳбарлари лавозимидан озод этилиши ҳамда лавозимига тайинланишида вилоят филиали билан келишилди. Шундан 5 та давлат органлари томонидан кадрлар бўлинмаси раҳбарлиги лавозимига таклиф этилган дастлабки номзодлар кадрлар соҳасидаги умумий билим ва кўникмалари етарли бўлмаганлиги сабабли белгиланган тартибда рад этилди.
- Давлат фуқаролик хизматчиларининг “Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари” (KPI) тизими жорий этилган. Бизнинг вилоятда ҳам KPI тизими борми?
- Булунғур тумани, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига эришилганлик асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси билан ҳамкорликда ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича прогноз режалари жамланиб, уларга етказилди ва самарадорлик кўрсаткичларига эришилганлик асосида баҳолаш тизими тушунтирилди.
- Рустам Ражаббоевич, бугунги кунда ёшлар ҳамда хотин-қизларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш, раҳбарлик лавозимларига захира кадрлар базасини шакллантириш муҳим масала саналади. Бу борада филиал томонидан нима ишлар қилиняпти?
- Истиқболли, фаол ёшларни давлат хизматига кенг жалб этиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги барча олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ҳамда докторантура босқичларида таҳсил олаётган 331 нафар иқтидорли, алоҳида ютуқларга эришган ва мукофотларга лойиқ деб топилган талабалар ҳамда докторантлар тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилди. Ушбу истиқболли ёшлар раҳбарлик лавозимларининг захира базасига киритилиб, улар билан мунтазам ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан “Ватан ифтихорлари” институционал тизимини тузиш бўйича келишув Меморандуми ҳам имзоланди. 24 нафар “Ёшлар парламенти” аъзолари раҳбарлик лавозимларига захирага олинди, улар билан давлат хизматини ривожлантиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Эндиликда ёшларга ҳам давлат хизматига кенг ва тўсиқсиз йўллар очилиши таъминланади. Улар орасидан янги авлод кадрлари селекция қилинади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси давлат гранти маблағлари ҳисобидан хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олиб қайтган Самарқанд вилоятида яшовчи 15 нафар стипендиатлар ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирокида вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлардаги кадрлар хизмати раҳбарлари доирасида “Истиқболли кадрларни қўллаб қувватлашда хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида онлайн вебинар ташкил этилди. Ушбу вебинардан кўзланган мақсад хорижий давлатларда ўқиб, фаолият юритиб келаётган иқтидорли кадрларни мамлакатимизга қайтариш, уларни билим ва тажрибасидан фойдаланиб, янги ғоя ва ташаббусларни олиб кириш мақсад қилинган эди.
- Агентлик ва унинг филиаллари томонидан давлат органлари ва ташкилотларидаги ижтимоий-психологик муҳитни ўрганиш, раҳбар ва ходимлар ўртасида давлат фуқаролик хизматининг нуфузини ошириш, уларда коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантириш бўйича аноним ижтимоий сўровнома ўтказиш ҳолати қандай? Ушбу сўровномаларнинг натижаси нима беради?
- Давлат бошқарув органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда хусусий сектор фаолиятида меҳнат қилиб келаётган давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одилона ва объектив баҳолаш асосида корруцияга қарши курашиш маданиятини шакллантириш, ушбу соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда фаолиятни янада такомиллаштириш йўналишларини белгилаш мақсадида ижтимоий тармоқларда онлайн аноним сўровнома ўтказилди. Сўровномада жами 4 108 нафар фуқаро иштирок этди. Ижтимоий аноним сўровнома аниқ мақсадга йўналтирилган жами 15 та саволлар асосида ташкил этилиб, таҳлил натижасида бир қатор муаммолар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Ишлаб чиқилган таклифлар ва умумлашма маълумотлар кузатув хатлари орқали Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, вилоят ДХХ, вилоят адлия бошқармаларига ахборот сифатида юборилди.
- Давлат фуқаролик хизматчиларининг малака ошириши қай даражада аҳамиятли ва бу борада агентлик филиали томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил тўхталсангиз.
- Очиғи, бугунги кунда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг малака ошириш кўрсаткичлари паст. Ҳудудий давлат бошқарув органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органларида меҳнат қилаётган кадрлар тузилмалари раҳбарларини юртимизда кадрлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан мунтазам равишда таништириб бориш мақсадида алоҳида вебинар дастур режаси ишлаб чиқилиб, ZOOM платформаси орқали уларни малакаси ошириб келинмоқда.
- Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти, вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни ижтимоий тармоқларда эълон бериш жараёнлари амалга оширилаётганлигини гувоҳи бўляпмиз. Ушбу амалиётнинг афзалликлари қандай? Камчиликлари-чи? Вилоятимизда бугунги кунда қайси ташкилотларда бўш лавозимларга очиқ мустақил танловлар ўтказиб келинмоқда?
- Агентлик филиали томонидан амалга оширилган энг муҳим ўзгаришлардан бири – давлат хизматига очиқ мустақил танлов асосида раҳбарларни қабул қилиш амалиёти бўлди. Вилоят, қолаверса республика учун ҳам ушбу амалиёт янгилик ҳисобланади ҳамда кадрларни саралаш ва танлаш борасида туб бурилиш ясади. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали билан вилоят бандлик бош бошқармаси ўзаро ҳамкорликда вилоят бандлик бош бошқармаси тизимидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш учун танлов асосида саралаб олиш тўғрисида ўзаро келишув имзоланди. Мазкур келишувга асосан Оқдарё туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори вакант лавозими учун очиқ танловда иштирок этиш юзасидан аризалар қабул қилиниши тўғрисида расмий сайтларда ҳамда ижтимоий тармоқларда очиқ эълонлар берилди. Мазкур вакант лавозими учун аризалар vacancy.argos.uz сайти орқали қабул қилиниб, эълон давомида жами 22 нафар номзоддан аризалар келиб тушди. Танлов уч саралаш босқичида амалга оширилди. Саралашнинг дастлабки жараёнида номзодлар малака талаби бўйича сараланиб, 9 нафари ажратиб олинди. Малака талабига жавоб берган номзодлар саралашнинг навбатдаги босқичида test.argos.uz сайти орқали назарий билимлари синовдан ўтказилди. Саралашнинг ушбу босқичида 3 нафар номзод тестдан ўтиш бали, яъни 55 баллдан юқори тўплай олмаганликлари сабабли кейинги босқичга ўтказилмади. Саралашнинг якуний босқичига қолган 6 нафар номзод билан суҳбат жараёнида энг муносиб деб топилган номзод меритократия тамойили асосида Оқдарё тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори лавозимига тавсия берилди. Ҳозирда Жомбой туман аҳолини бандлигига кўмаклашиш директори лавозимига очиқ танлов эълон қилинган. Қолаверса, Самарқанд шаҳар ҳамда Ургут тумани ҳокимликларидаги вакант лавозимларига очиқ танлов асосида ишга қабул қилишни ташкил этиш юзасидан ҳокимлар ва вилоят филиали раҳбари ўртасида ўзаро келишув битимлари имзоланди. Шунингдек, агентлик филиали ходимлари давлат ташкилотлари ва органларида вакант лавозимларга ўтказиб келинаётган суҳбатларда кузатувчи сифатида иштирок этиб келмоқда.
- Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг сифат таҳлили деганда нимани тушунамиз? Сифат таҳлили қандай амалга оширилади?
- Бугунги кунда давлат органлари ва ташкилотларига малакали ва юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, уларни сифатли кадрлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Кадрларни режалаштириш учун асос кадрларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш ва ишчиларнинг меҳнат унумдорлиги ва уларни сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ўрганишдир. Ишчи кучининг етишмаслиги туфайли кадрларни режалаштириш кўплаб корхона ва ташкилотларда тадбиркорликни режалаштиришнинг ажралмас қисмига айланди.
Кадрларнинг сифат таҳлили – бу ташкилотда фаолият юритиб келаётган ходимларни ўрганиб чиқиш, ташкилотни юқори малакали, етарли касбий тажрибага эга, замон талабларига жавоб берадиган, жамоани орқасидан эргаштира оладиган, уларни тарбиялаб боришга қурби етадиган ходимлар билан таъминлаш, уларнинг иш фаолиятини ўрганиб бориб ва уларни касбий жиҳатдан ўсишига эътибор берган ҳолда босқичма-босқич лавозимларга тайинлаб бориш каби жараёнларни ўз ичига оладиган комплекс ёндашувдир. Кадрлар сифат таркиби умумий ҳолатда ходимларнинг маълумот даражаси, иш стажи, тажрибаси ва ёшини ўз ичига оладиган таркибий қисмлардан иборат. Замонавий кадр бошқарувида ушбу таҳлил HR-метрика технологияси билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу технология бугунги кунда замонавий давлат фуқаролик хизматида ҳам кенг жорий этилмоқда.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд филиали томонидан жорий йилда кадрларнинг сифат таркиби бўйича таҳлили ўнлаб ташкилотларда ўтказилди. Ўтказилган таҳлиллар натижасида кадрларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсад қилиб белгиланган.
Таҳлиллар натижасида ўрганилган ташкилотларда раҳбар кадрларнинг захираси шакллантирилмаганлиги, раҳбарлик лавозимларида аёлларнинг улуши камлиги, кадрларнинг малака ошириш курсларида ўқиш кўрсаткичларининг пастлиги ва бошқа камчиликлар аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида агентлик филиали томонидан раҳбарлик лавозимларига кадрларни захирага олиш ва захирага олинган кадрларни раҳбарликка тайёрлаш мақсадида ўқитиш бўйича тегишли таклифлар илгари сурилди.
Таҳлиллар натижасида раҳбар кадрлар ва мутахассисларнинг меҳнат фаолиятидаги қўнимсизлиги 2-3 йилни ташкил этиши маълум бўлди. Хўш, бу нимадан келиб чиқади? Кадрларда эгаллаб турган лавозимнинг вазифа ва функцияларини амалга ошириш учун билим, кўникма ва малака етарли бўлмаганидан келиб чиқмоқда. Бугунги кунда илм-фан ривожланаётган даврда, янгиликлардан хабардор раҳбар кадрлар ўз устида ишлаши ва янги билимларни эгаллаши учун малака ошириш курсларида ўқиши талаб этилади. Шунингдек, ўз мутахассислигига эга бўлмаган ва ўрта-махсус маълумотга эга ҳамда мутахассислиги бўйича фаолият юритмаётган ходимларнинг қайта тайёрлов курсларида таълим олиши учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилди.
- Сўнгги савол: давлат фуқаролик хизмати бўйича қайси хорижий давлатлар тажрибасини намуна сифатида ўрганиб, бизни мамлакатимизда жорий қилса бўлади?
- Россия, Германия, Жанубий Корея, БАА давлатлари мисолида.
Zarnews.uz мухбири суҳбатлашди.