@zarafshonbot га мурожаат: “Зарбанд”нинг йўли асфальт “кўради”ми?
Бизнинг “Зарбанд” маҳалламиз Иштихон туманининг тоғли ҳудудида жойлашган. У Қўшработ туманининг Оқтепа маҳалласи, Шовона қишлоғига туташ.
Буни бежиз айтмаяпман. Давлатимиз раҳбари 2017 йил апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қўшработ туманида ҳам бўлиб, тумандаги “Оқтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда тоғолди ҳудудларида ёнғоқзор ва узумзорлар, чорва боқишни ташкил қилиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва бошқа соҳага оид лойиҳалар билан танишган эди.
Ўшанда Самарқандда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкинлиги, бунинг учун самарали ҳаракат қилиш, одамларда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш кераклигини таъкидлаб, бунинг учун қишлоқлар инфратузилмасини ўзгартириш лозимлиги барча раҳбарларга уқтирилган эди.
Хўш, амалда нима бўлди? Президент ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида бор-йўғи 14 километр бўлган “Шовона- Зарбанд” автомобиль йўлининг «Оқтепа унумдор замин» фермер хўжалиги, яъни янгидан ташкил этилган ёнғоқзор плантациясигача бўлган қисми ушбу ташрифдан олдин шошилинч равишда таъмирланганди. Йўлнинг қолган қисми эса “Кейинчалик таъмирланади”, деган важлар билан ташлаб қўйилди. Афсуски, бугунги кунга қадар ҳам туман раҳбарлари томонидан бу йўлни таъмирлашга эътибор қаратилмади.
Бу борада туман ҳокимлиги, масалага алоқадор ташкилотларга мурожаат қилинмаган дейсизми? Қилинган. Аммо мурожаатлар ўрганиб чиқилиш жараёнида кейинги йил Давлат дастурига киритиш орқали асфальт қилиниши билдирилади. Кейинги йилда қилинган мурожаатларга ҳам худди шу тарзда жавоб қайтарилади. Вилоят ҳокимига қилинган мурожаатлар ижроси ҳам туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли туман ташкилотлари зиммасига юклатилади. Мазкур мурожаатлар ҳам кейинги йил Давлат дастурига киритиш орқали асфальт қилиниши билдирилиб, муаммони бартараф этганлик тўғрисида вилоят ҳокимлигига ахборот берилади, вассалом...
Хуллас, туман ҳокимлиги ва масъул идораларга шу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан машиналар ҳаракати яхшиланишига ҳамда бу орқали бошқа соҳаларда ҳам ўсиш кузатилиши мумкинлиги билдирилиб, бир неча маротаба амалий ёрдам сўраб мурожаат этилган бўлса-да ҳар хил баҳоналар билан бугунги кунга қадар ушбу йўл таъмирталаб аҳволда қолмоқда. Бу муаммони бартараф этилишида масъуллар аниқ гап айтармикан?
Шуҳрат Юсупов,
Иштихон тумани.