@zarafshonbot'га мурожаат: “4 қаватли бинога рухсат олиб, 5 қават қилиб кўтаришди”
Самарқанд шаҳар Хожа Аҳрор Вали маҳалласида яшайман. Ёнгинамизда бўлаётган иморат қурилиши қурилиш талабларига риоя этилмасдан давом эттирилаётгани сабаб тинчимиз бузилди.
Уй-жойимиз ён томонидаги собиқ вилоят наркология диспансери тўрт қаватли бино реконструкция қилиниши учун 2018 йил 2 йил муддатда 5 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорлардан бирига берилганди. Мазкур ҳудудда қўшимча 4 қаватли бино қуришига ҳам рухсат берилган.
Аммо ушбу жойни олган тиббиёт ва ташхис йўналишидаги корхона бинони 4 қават эмас, 5 қават қилиб кўтарди. Оқибатда лойиҳадан ташқари ўрнатилган бир неча деразалар биз ва қўшниларимиз ҳовлисига қаратилган.
Уйимиз билан бу бинонинг оралиқ масофаси 20-25 метр бўлиши керак эди. Аммо амалда 17 метр. Баландлиги 12 метрдан ошмаслиги керак бўлгани ҳолда 19 метр атрофида қилиб кўтарилди.
Қурилишда ёнғин хавфсизлиги талаблари ҳам инобатга олинмаган. Масалан, трансформатор деворимиз ёнида ўрнатилган.
Ушбу ҳолатларни суратларга ҳам олиб, жўнатяпман. Кўрган киши эътирозим нечоғли тўғри эканини англайди.
Бу жараённи назорат қилувчи ташкилот мутасаддилар маҳалламизга келиб, ҳолатни ўрганиши ва қонуний баҳо беришларини сўраймиз.
Комилжон Жумаев.