«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 4 феврал, №15) сонида ўқинг
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтишга тайёрми? Бу борада институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов қандай режаларни амалга оширмоқчи? Ўзини ўзи молиялаштираётган институтлар маблағларини нималарга сарфлайди? Институт бу тизимга ўтса, талаба қабул қилиш имконияти кенгаядими ёки камаяди? Талаба тўлов шартномаси асосида қарздор бўлиб қолса, унга нисбатан қандай чора кўрилади?
***
Самарқанд шаҳри Зарафшон маҳалласидан янги уй сотиб олган Қўзи Миромов олти йилдан буён ҳаловатини йўқотган. Сабаб - электр энергияси масаласи. Свет йўқми, дерсиз. Асло! Свет бор, гап электр ҳисоблагичда. Уйнинг аввалги эгаси «Светдан қарзи йўқ», деган маълумотнома берган, ҳатто ўзи ҳам Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонасидан қарздорлик бор-йўқлиги ҳақида ҳужжат олган. Аммо йиллар ўтиб, уни оз эмас-кўп эмас, нақд 2 миллион 312 минг 640 сўмга қарздор қилишди. Воқеалар тафсилоти, муаммо ва ечим ҳақида «МИБ. “Энергосотиш”. Истеъмолчи. Ҳақиқат учбурчакнинг қайси томонида?» мақоласи орқали танишинг.
***
Сиз эрталаб пиёда ёки велосипедда сайр қиласизми? Қаерда бадантарбия билан шуғулланасиз? Пиёда юриш ёки югуриш учун боғ ва хиёбонлардан фойдаланиш мумкин. Аммо велосипедда сайр қилувчилар учун бугун на Самарқанд шаҳри, на бошқа туман ва шаҳарларда махсус йўлаклар бор. Нима, хорижий мамлакатлардаги каби бизда ҳам боғ ва хиёбонларнинг бир қисмида спорт машғулотлари билан шуғулланиш учун махсус майдонча ташкил этиб бўлмайдими? Ёки оддийгина спорт ускуналари ўрнатиш шунчалик мураккабми?