Zarnews.uz'га мурожаат: Сув тармоғи янгиланди, аммо таъминотдан дарак йўқ

Самарқанд туманининг Жўйисой маҳалласида яшаймиз.

Эътироф этамиз, кейинги икки йилда ҳудудимизда ақл бовар қилмас ишлар амалга оширилди - эшкак эшиш канали атрофида замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида Самарқанд туризм маркази бунёд этилмоқда. Бу бунёдкорлик самарасида марказий кўчамиз қайта қурилиб, кенг ва равон кўчага айланди. Йўл ёқасидаги электр сим ёғочлар олиб ташланиб, ер ости кабеллари тортилди, трансформаторлар янгиланди, кўча бўйлаб ёриткичлар ўрнатилди. Табиий газ таъминоти яхшиланди. Маҳалламизнинг ичимлик суви тармоқлари ҳам янги тармоққа уланди.

Дастлабки вақтлар нормал босимдаги сув узлуксиз келиб турди. Аммо хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Мана, бир ойдан зиёд вақт ўтдики, сув бир кун жимирлаб келса, 3-4 кунлаб келмай қўяди.

Ҳар куни фуқароларимиз “Самарқанд сув таъминоти” корхонасига телефон қилиш билан, навбатчилар ходимларини маҳалламизга жўнатиш билан овора. Лекин сув таъминотида ҳеч нарса ўзгармади.
Бу сарсонгарчилик қачонгача давом этади?

Ортиқ ПАРДАЕВ,
меҳнат фахрийси.