Зеленский Путинни уруш бўлаётган Донбассга таклиф қилди
19 апрель куни бўлиб ўтган Нормандия тўртлиги сиёсий маслаҳатчиларининг учрашувида Украина Президенти Владимир Зеленский Донбассдаги вазиятни иложи борича кўриш ва тушуниш учун Путин билан шу ерда учрашиш таклифини илгари сурганини таъкидлади.
Унга кўра, агар Украина ва Россия ўртасида уруш бўлса, миллионлаб одамлар ҳаёти ҳақида гап боради ва иккала томон ҳам ютқазади. Шунингдек, Украина Президенти “танкда тинчлик ўрнатиш мумкин эмас”, дея қўшимча қилган.
Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Бу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунинг оқибатда шу вақтга қадар 13 минг киши ҳалок бўлган.
Зиддият бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томондан ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Икки республика ҳам на Украина, на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ уларни Россия қўллаб-қувватламоқда.
Шу йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда. Энди эса Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда.
Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда.