Зеленский: Россия билан музокаралар фақат қўшинлар олиб чиқилгач бўлади

Россия Федерацияси билан музокаралар фақат Россия қўшинлари Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилганидан кейин мумкин. Бу ҳақда Львовдаги уч томонлама учрашув якунлари бўйича Украина етакчиси Владимир Зеленский маълум қилди.

Уруш бошланганидан бери илк бор Украинага келган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон кеча дипломатик жараённи қайта бошлашга чақирди.

Владимир. Зеленский: "Мен улар қандайдир тинчликка тайёр эканликларидан жуда ҳайратда қолдим. Ҳар куни ўлдирадиган, зўрлайдиган, тинч шаҳарларимизни қанотли ракеталардан урадиган одамлар тинчлик хоҳламайди. Аввал улар ҳудудимизни тарк этиши керак".

Учрашувда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этди. Унинг таъкидлашича, ғалла шартномаси тузилганидан кейин жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи 9 фоизга арзонлашган.

"Биз жаҳон озиқ-овқат бозорида барқарорлашув белгиларини кўряпмиз, аммо алданиб қолмайлик. Одамлар кундалик ҳаётига, новвойхоналарига бу ўзгаришлар таъсир қилиши учун ҳали йўл узоқ. Бу бозорда таъминот занжирлари ҳамон узилган ва энергия манбаси, номақбул транспорт харажатлари сақланиб қолмоқда”, деб таъкидлади БМТ Бош котиби.

У, шунингдек, россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланган Запорожье АЭС ҳудудини демилитаризация қилишга чақирди, бироқ бу таклиф аллақачон Россия ТИВ томонидан номақбул деб топилган.

Туркия раҳбари атом электр станцияси атрофида жанглар давом этаётганидан хавотир билдирди: "Биз Чернобилни яна бошдан кечиришни истамаймиз. Туркия ўз таъсир доирасидан фойдаланиб, бу можарога дипломатик ечим топишга уринмоқда. Биз украиналик дўстларимиз билан биргамиз”, - деди Туркия раҳбари.

Эрдўған Львовда кўтарилган кўплаб мавзулар Кремль розилигини талаб қилишини ва у Россиянинг Украинага ҳарбийларни киритишидан буён икки марта учрашган Россия президенти Владимир Путин билан учрашув натижаларини муҳокама қилишини билдирди.

Кечки видеомурожаатда Украина президенти Владимир Зеленский Туркия Харьковнинг тикланишини ўз ҳомийлигига олишга тайёрлигини билдирди. Кеча, 18 август куни Россия ҳаво кучларининг ушбу шаҳарга уюштирган ҳужуми қурбонлари сони 17 кишига етгани айтилмоқда.