Зеленский Россияга G8 га қайтиш эвазига Қримни “қайтаришни” таклиф қилди
Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Facebook саҳифасида агарда Россия Қримни қайтарса ва Донбасс можаросига чек қуйишда кўмаклашса, яна “катта саккизлик” (G8) аъзоси бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга у Россия озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазони ўтаётган украиналикларни озод қилишни таклиф қилди. Унинг фикрига кўра, бундай ҳаракатлар “Россияни, юқори дипломатия кенгаши кун тартибида яна ўз ўрнини эгаллашга тайёрлиги ҳақида дунёга жиддий ишора бўлади”.
21 август куни Франция дипломатик кенгашидан олинган манбаанинг хабарига кўра, Макрон америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан Россияни, айни вақтда “еттилик” бўлиб турган, “катта саккизлик”га қайтиши эҳтимоли тўғрисида муҳокама олиб боради.
20 август куни Трамп Россияни “катта саккизлик”ка қайтишини қўллаб, бундай ҳолат мақсадга мувофиқ бўларди деб фикр билдирган эди. Бир кун олдин Россия Президенти Владимир Путин G8 га қайтишнинг имкони йўқ, чунки айни вақтда “саккизлик” мавжуд эмас деди.
“Еттиликни” сўнгги йиғилиши 8-9 июнь кунлари Канаданинг Квебек шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбир давомида Трамп G8 формати (яъни Россия билан бирга) G7 дан кўра муҳимроқ эканлигини бир неча бора таъкидлади.
G8 формати 2014 йилда Қрим Россия Федерацияси таркибига қўшилганидан сўнг тугатилди. Уюшма давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция, Япония) Москва билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди ва саммитларни G7 форматида ўтказа бошлади.