Зулматдан нур топаётганлар
Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати 1961 йилда ташкил топган.
Ҳозир муассасада 250 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олиш билан бирга, 25 та фан, спорт ва маданий тўгаракларда ҳам қатнашмоқда. Мазкур даргоҳда бўлиб, кўзи ожиз болаларнинг қандай таълим-тарбия олаётгани, уларга яратилган шароитлар билан танишдик.
- Кўзи ожиз инсонларнинг кўнгли жуда нозик ва ички ҳиссиёт, тафаккур, эслаб қолиш қобилияти жуда кучли, - дейди мактаб директори Абдуҳалим Мелиев. – Фаолиятим давомида уларнинг психологиясини ўрганиб бунга амин бўлдим. Бу хусусиятлар албатта, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун қулайлик яратади. Улар давлатдан ёки бирор кимдан ёрдам кутмайди, аксинча, соғлом одамлардан кўра ҳаётга кўпроқ интилиб, янгилик истаб яшайди. Шуларни ҳисобга олиб, муассасада ўқувчиларга дарс бериш учун кўпроқ кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи устоз-мураббийларни жалб қилганмиз. Чунки улар бир-бирини яхши тушунади, ўқувчилар ҳеч кимга айта олмайдиган кечинмаларини ўқитувчилари билан бўлишади.
Масканнинг бир нечта ўқувчи ва ўқитувчилари фан олимпиадасининг республика босқичи ғолиби ҳамда давлат мукофоти соҳиби бўлган. Хусусан, 2022 йилда ушбу даргоҳ битирувчилари Шербек Исломов ҳамда Райхона Шарафова фан олимпиадасининг республика босқичида она тили ва адабиёт фанидан биринчи, Муроджон Полвонов эса математика фанидан иккинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Шербек Исломов «Мард ўғлон», Маҳбуба Ҳалилова эса Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Мактаб ўқитувчилари Умида Суюнова “Содиқ хизматлари учун” медали, Баҳриддин Исроилов эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
2023 йилда фан олимпиадасининг республика босқичида математика фанидан Одина Шовдирова, тарих фанидан Парвез Қудратиллаев биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Ганжина Нуриддинова 64 катакли шашка бўйича жаҳон чемпионати совриндори бўлган, Шеҳроз Саъдуллаев тарих фанидан респубилка фан олимпиадасида иккинчи ўринни, Очилой Мавлонова эса шахмат бўйича мамлакат чемпионатида учинчи ўринни эгаллаган.
Она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, - дейди Зокир Маҳамматов. – Мактабимизда ўқувчиларнинг билим олиши, педагогларнинг ўқув-тарбия жараёнини олиб бориши учун барча шароит яратилган. Жумладан, муассасамизда ўқувчилар учун бепул ётоқхона, ошхона, озиқ-овқат ҳамда брайл алифбосидаги адабиёт ва компьютерлар билан таъминланган. Ўқувчи ва ўқитувчиларимиз фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Шогирдлари фан олимпиадасининг республика босқичида ғолиб бўлган ўқитувчиларнинг маошига қўшимча устама ҳам тайинланган.
Интернатда овоз ёзиш студияси ҳам бўлиб, мактаб ўқувчиларининг аксарияти дарсдан бўш вақт бўлди дегунча, ушбу студияга ошиқади. Жумладан, мактабнинг 5-синф ўқувчиси Жаҳонгир Абдувалиев мақом ва эстрада йўналишидаги чиқишлари билан ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб улгурган. Жаҳонгир келажакда санъаткор бўлишини, ҳозир шеър машқ қилаётгани ва келгусида уларни қўшиқ қилиб куйлашини айтди.
Масканнинг яна бир ўқувчиси Баҳора Султунмуродова эса ўқитувчи бўлиш орзуси борлигини ва дарсдан бўш вақтларида тўқувчилик ва пазандалик сирларини ҳам ўрганаётганини таъкидлади.
Мактаб жамоаси турли танловлар, грантларда ҳам иштирок этиб, яхши натижаларга эришмоқда. Жумладан, грант маблағлари ҳисобидан замонавий овоз ёзиш студияси, кичик спорт зали барпо этилган. Айниқса, брайл ёзувидаги китобларни нашр қилиш, 3D шаклдаги ўқув ва спорт қуролларини тайёрлаш мактабнинг ўзида амалга ошириляпти.
Хуллас, Нурли масканда таҳсил олаётган йигит-қизлар зулматдан нур топиб, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиш учун ҳаракат қилмоқда. Баъзида тўрт мучаси соғ бўлиб ҳам ҳаётдан нолиб юрганларни учратамиз. Аслида ҳаётдан нолиш эмас, шароитларни яхшилаш учун ҳаракат қилиш керак. Одамда хоҳиш бўлса кифоя, имкониятларнинг чегараланганлиги аҳамиятсиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
Zarnews.uz мухбири.