Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда чорвачилик ривожланяпти (ми?)

Кластер корхонаси мутасаддиларининг таъкидлашича, ҳозирда юнгни тўплашда туман ҳудуди тўлиқ қамраб олингани йўқ. Демак, қимматли хомашё айрим жойларда сочилиб ётибди. Ўйлаймизки, мутасаддилар бу борада зарур чораларни кўради.

Вилоят марказидан 100 километр узоқликда жойлашган Қўшработда азалдан йирик ва майда шохли мол боқиш асосий даромад манбаларидан бири бўлган. Бироқ кейинчалик чорвачиликнинг эътибордан четда қолиши сабаб катта-катта отарлар йўқликка юз тутди. Аҳоли ҳам шароит ва имконият йўқлигидан чорва билан деярли шуғулланмай қўйди.

Кейинги беш йилда эса аҳвол ўнгланиш йўлига ўтди. Чорвачиликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида туманда соҳада қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда тумандаги барча тоифадаги хўжаликларда 107670 бош йирик шохли, 41690 бош майда шохли мол ҳамда 6258 бош от парваришланмоқда.

Шунингдек, 75 та чорвачилик фермер хўжаликлари қарамоғида 4474 бош йирик шохли, 34207 бош майда шохли мол, 205 бош от ҳамда 20621 бош парранда мавжуд.

Барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 6 ой давомида 17100 тонна гўшт, 49205 тонна сут, 2723900 дона тухум, бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан 446 тонна гўшт, 2455 тонна сут ва 28430 дона тухум етиштирилган.

- Бугунги кунда гўшт-сут ва тухум маҳсулотларига аҳолининг йиллик талаби ўз имкониятларимиздан тўлиқ қопланяпти, - дейди вилоят чорванасл маркази Қўшработ тумани вакили Шерзод Эшколов. - Лекин бу ҳотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Шу боис жорий йил учун чорвачиликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Мазкур режага асосан, йил якунигача четдан 1000 бош йирик, 8000 бош майда шохли мол олиб келиш кўзда тутилган.

Бугунги кунгача фермер хўжаликлари ва МЧЖ лар томонидан қиймати 476.8 минг долларлик 3400 бош наслли ҳисори қўй ва 682 бош йирик шохли мол олиб келинган.

Жумладан, “Юсуфбек чорва” фермер хўжалиги Қирғизистон Республикасидан умумий қиймати 36 минг долларга ҳар бирининг тирик вазни 50 килограмдан бўлган 200 бош, “Жўш қоракўл наслли чорвалари” МЧЖ 35 минг долларга 3000 бош, “Камронбек Агро голд” МЧЖ 36 минг долларга 200 бош наслли ҳисори қўйларни келтириб, парваришламоқда.

Бундан ташқари, “Жўш қоракўл наслли чорвалари” МЧЖ томонидан Қирғизистон Республикасидан умумий қиймати 60 минг долларга 200 бош, “Камронбек Агро голд” МЧЖ 28 минг долларга 200 бош наслли ғунажин олиб келган.

Яратилаётган имтиёзлар ва имкониятлар туманда чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги 280-сонли ҳамда 2021 йил 12 июлдаги 434-сонли қарорлари чорвадор фермерлар учун қулай имкониятлар яратганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Бунга биргина ушбу қарорлар асосида четдан келтирилган ҳар бир наслли йирик ва майда шохли моллар ҳамда фермер ҳўжалиги томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ҳар бир килограми учун субсидиялар берилишини мисол сифатида айтиш мумкин.

Ҳукумат қарорлари асосида вилоят ҳокимининг қарори билан чорвачилик йўналишидаги кластер тизимини ривожлантириш мақсадида тумандаги 131 минг гектар яйлов ерлари чорвачилик кластерларига ажратиб берилган. Бундан ташқари, туманда камбағалликни қисқартириш, жумладан, аҳолининг реал даромадларини оширишда хонадонларда майда шохли молларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Чорвачилик соҳасидаги имтиёз ва енгилликлар натижасида ўтган 5 йил давомида фермер хўжаликларимиз томонидан қўшни Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 7 минг бошдан ортиқ наслли қўй ва эчки олиб келинди, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ибодилла Сайфиддинов. - Улар талаб асосида аҳолига 20-30 тадан берилмоқда.

Тажриба шуни кўрсатяптики, майда туёқли молларни парваришлаш учун катта тажриба бўлиши шарт эмас. Муҳими, бу иш билан астойдил шуғулланган киши кам бўлмайди, ижтимоий кўмакка муҳтожлик сезмайди. Жорий йилда туманда ижтимоий дафтарларда рўйхатда турганлар ва бошқа фуқароларга кредит ва субсидия маблағлари ҳисобидан 5681 бош қўй ва эчки тарқатилди.

Мисол учун, “Чорбулоқ” фермер хўжалиги томонидан Чорлоқ маҳалласидаги 18 хонадонга 235 бош, «Пичоқсой томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан Дўстлик маҳалласидаги 9 хонадонга 104 бош наслли қўй кооперация усулида етказиб берилди.

Албатта, зийрак ўқувчида 35-40 минг бош майда шохли молнинг юнги нима бўляпти, деган савол туғилиши табиий.

- Йил давомида туман бўйича 117 тонна юнг ва 30 минг дона майда шохли мол териси етиштирилади, - дейди “Кластер Обод Ўлка Келажаги” МЧЖ директори Тувалбой Хушматов. - Ўтган йили мазкур хомашёни қайта ишлаш орқали Хитой ва Россия давлатларига 250 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Айни кунларда туркиялик инвесторлар билан терини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришяпмиз. Бу лойиҳа амалга ошса, майда шохли мол териларини ҳам қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратилади.

Шу ўринда айтиш лозимки, гарчи юнг Қўшработ ёки вилоятнинг ўзида қайта ишланмаётган бўлса-да, унинг бир килограми аҳоли ва фермер хўжаликларидан 700 сўмдан 1000 (тери 5 минг) сўмгача сотиб олинмоқда. Тошкентда тозалаш, Фарғона вилоятида кигиз ва гилам тўқиш цехлари бор. Агар бу фаолият тоғли туманда бўлмаса-да, инфратузилма ривожланган марказ ҳудудида амалга оширилса, юзлаб хотин-қизларни иш билан таъминлаш мумкин.

Кластер корхонаси мутасаддиларининг таъкидлашича, ҳозирда юнгни тўплашда туман ҳудуди тўлиқ қамраб олингани йўқ. Демак, қимматли хомашё айрим жойларда сочилиб ётибди. Ўйлаймизки, мутасаддилар бу борада зарур чораларни кўради.

Ёқубжон Марқаев.